Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегара хизматлари раҳбарлари учрашди

    kyrgyzstan-f565555c.jpg.1000x297x1Урумчида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари қўмондони Рустам Эминжонов Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизмати раиси Курманакун Матенов билан учрашди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, хусусан, чегара ҳудудларида турли баҳсли хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида фикр алмашилган. Бу ҳақда 12uz.com сайти хабар тарқатди.

    Мазкур учрашув Хитой ва Қирғизистоннинг “Биргаликдаги чегара фаолияти — 2013” терроризмга қарши ўқув машғулоти доирасида ўтказилди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Покистон, Эрон, шунингдек, ШҲТ Минтақавий антитеррор тузилмаси мазкур тадбирда кузатувчи сифатида қатнашган.

    Шуни қайд этиш керакки, жорий йилнинг сентябрь ойида Бишкекда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади.

    Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июль ойи охирида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида юзага келган можаро натижасида отишма келиб чиққан. Оқибатда икки нафар Ўзбекистон чегарачилари ҳаётдан бевақт кўз юмган эди.