Қоҳира қурбонлар эвазига тозаланмоқда

Atılgan Özdil/euronews
Atılgan Özdil/euronews

Мисрда ҳуқуқ-тартибот органлари Муҳаммад Мурсий тарафдорлари йиғилиб, жойлашиб олган лагерларни куч ишлатиш йўли билан ёпмоқда. Қоҳирадан дунё оммавий ахборот воситалари орқали келаётган маълумотларга кўра, икки томон ўртасида юзага келган тўқнашув натижасида қурбонлар сони ортиб бормоқда.

Чунончи, Al Jazeeraнинг хабар беришича, ҳалок бўлган сони 120 нафарга етган. Жароҳат олганлар сони эса 1000 нафардан ошиши мумкин.

BBCнинг хабар қилишича, полиция намойишчиларнинг иккита лагерини бузиб ташлашга қарор қилган. Бунга ҳарбий техника ҳамда бульдозерлар жалб қилинган.

Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва бошқа усулларни қўллаган. Лагерлар устида вертолётлар парвоз қилмоқда.

Шуни айтиш керакки, бир неча ҳафтадан бери Муҳаммад Мурсий тарафдорлари “ўтириб олган ҳолда” намойиш ўтказиб келаётган эди. Улар президентликдан четлаштирилган Муҳаммад Мурсий ҳокимияти тикланишини талаб қилаётир. Намойишчилар лагерлари Рабъа ал-Адавия масжиди ҳамда Наҳда майдонида жойлашган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу лагерларни қарийб тозалашга муваффақ бўлган.

Миср Ички ишлар вазирлиги кеча расмий баёнот қилиб, намойишларни тўхтатиш учун “барча чораларни қўллаши”ни маълум қилган эди. Улар намойишчиларга нисбатан лагерларни тарк этиш талабини илгари сурди, бу талабга буйсунмаганлар эса жавобгарликка тортилиши мумкин.

Рейд давомида “Мусулмон биродарлари” партияси етакчилари, шунингдек, 200 нафардан ортиқ киши ҳибсга олинган.

 

SHARE