Президент олий ўқув юртлари рейтингини тузишни топширди

    1397Ўзбекистонда халқаро тажриба, талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда мамлакат олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик фаолияти рейтинг баҳосини холисона аниқлаш принциплари, ёндашувлари ва мезонларини синов тарзида апробация қилиш мақсадида Ишчи комиссияси тузилди. Бу ҳақда Президент Ислом Каримов махсус фармойиш чиқарди.

    Фармойишга кўра, Ишчи комисиясига Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Б. Ходиев раҳбарлик қилади. У икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 декабрдаги қарори билан белгиланган олий таълим муассасалари тузилмаси рейтинг баҳолари тизими балларининг кўрсаткичлари ва даражасини, уларнинг халқаро мезонлар ва стандартларга мослиги, олий ўқув юртлари илмий ҳамда педагогик фаолияти даражаси ва сифатини ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида талаб қилинаётган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадли вазифаларини танқидий қайта кўриб чиқишга бош-қош бўлади.

    Президент фармойишида бунда олий ўқув юртлари илмий-педагогик фаолиятининг қуйидаги энг муҳим мезонларига алоҳида эътиборни қаратиб, юқори баллар белгилаш топширилган:

    чет эллардаги олий ўқув юртлари билан қиёслаганда ўқитиш савияси ва сифати, профессор-ўқитувчи кадрларнинг малака даражаси, уларнинг ўқитишни халқаро талаблар даражасида таъминлайдиган замонавий педагогик технологияларни эгаллаганлиги, мамлакатимиз олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг чет эл олий ўқув юртларида маърузалар ўқишдаги иштироки;

    олий ўқув юртларини битириб чиққанларнинг мутахассислиги бўйича ишга жойлашув даражаси ва олий ўқув юртларининг кадрлар тайёрланаётган корхоналар билан ишлашини ташкил этиш сифати;

    олий ўқув юртларида ўтказилаётган илмий-текшириш ишларининг самарадорлиги, энг аввало экспериментал-лаборатория базасининг ҳолати, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиш даражаси, корхоналар, илмий-тадқиқот институтлари ва конструкторлик бюролари базасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш.

    Ишчи комиссияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2013 йилнинг 1 ноябрига қадар муддатда юқори босқич талабаларининг махсус соҳа фанлари бўйича билимлари даражасини ва олий ўқув юртида мутахассислар тайёрлаш сифатини баҳолаш учун дарсларни ўзлаштириш савиясини аниқлаш мақсадида танлаб олиб тест синовларидан ўтказади.

    Эксперт гуруҳлари иштирокида 2013 йилнинг 1 декабрига қадар муддатда эксперимент тариқасида олий таълим муассасаларининг рейтинги баҳоланади.

    Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И.Икромов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Ж.Г.Исмоилов зиммасига юкланган.

    SHARE