Алишер Усмонов: “Apple сўнгги уч йил учун жуда истиқболли компания”

Apple-Inc

Америкалик миллиардер, инвестор, корпоратив рейдер сифатида яхши танилган Карл Айкан Apple компаниясининг бир миллиард долларлик акциялар пакетига эгалик қилишини маълум қилди. У бу ҳақда ўз твиттерида айтиб ўтди.  “Биз Apple’да етарлича позицияга эгамиз. Бизнингча, компанияга яхши баҳо беришмаяпти”, деди у ўз саҳифасида. Bloomberg’нинг ёзишича, Айкан «олма»нинг 1 миллиард долларлик акциялар пакетига эгалик қилади ва Appleнинг қийматини ошириш мақсадида акцияларни қайта сотиб олиш учун компания 150 миллиард доллар ажратиши кераклигини айтган.

Жорий йил апрель ойида Apple бош директори Тим Кук компания тарихидаги энг йирик акцияларни қайта харид қилиш ниятларини маълум қилган эди. Компания 55 миллиард долларлик акцияларни харид қилиш ҳамда 2015 йилга қадар дивидентларни тўлаш учун 100 миллиард доллар ажратишни режалаштирган. Аммо Айкан сингари инвесторларнинг хатти-ҳаракатлари Тим Кукдан янада жиддийроқ чораларга қўл уришни талаб қилмоқда.

Гап шундаки, ўтган йил давомида биржаларда  Apple акциялари 22 фоизга арзонлашган эди. Бунга сўнгги йилларда компания томонидан инқилобий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

carltwo603Карл Айканнинг кечаги баёнотидан сўнг NASDAQ биржаси савдоларида Apple акциялари қиймати 4,75 фоизга қимматлашди. Натижада компаниянинг капиталлашуви 10 миллиард долларга кўпайиб, 489,57 миллиард долларга етди.

Bloomberg’га кўра, Айканнинг фикрига мувофиқ компания ўз акцияларини қайта харид қилишни амалга оширадиган бўлса, унинг капиталлашуви 625 миллиард долларга етиши мумкин.

Apple’нинг акцияларини харид қилиш Карл Айканнинг технологик компанияларни сотиб олиш стратегиясини амалга оширишнинг бир қисми ҳисобланади. Инвестор, шунингдек, Dell, Netflix, Nuance Communications, WebMD Health сингари компанияларнинг акцияларига эгалик қилади. У инвестор сифатида Motorola ва Yahoo! сингари компанияларга ҳам босим ўтказган. Карл Айканнинг мазкур инвестицияларидан айримлари жуда муваффақиятли бўлган. Масалан, жорий йилда Netflixнинг акциялари 180 фоизга ўсди. Натижада у 1 миллиард доллар ишлаб олди.

Карл Айкан томонидан ташкил этилган хедж-фондлар инвесторларга йилига 30 фоиз миқдорида даромад келтира олади. Бизнесменнинг капитали қисқа давр ичида икки баравар ўсди. Айканнинг сўзларига кўра, у ҳеч бир активини сотмасдан туриб, 10 миллиард долларга чек ёзиб бера олади.

Bloomberg’га кўра, асли ўзбекистонлик россиялик миллиардер Алишер Усмонов ҳам Apple’нинг 100 миллион долларлик акцияларига эгалик қилади. Унинг фикрича, Apple яқин келажак, яъни сўнгги уч йил учун жуда истиқболли компания ҳисобланади.