Ўзбекистон парламентидаги “демократик блок” янги қонун лойиҳасини илгари сурди

    Dem blok_5572

    ЎзЛиДеП, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП ва Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияларининг қўшма мажлиси қарорига биноан ташкил этилган депутатлар ташаббускор гуруҳи халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтиришга доир таклифларни таҳлил қилиш асосида “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар тарқатди.

    Қонун лойиҳасида бир қатор янги қоидаларни жорий этиш назарда тутилмоқда, биринчи навбатда, бу сиёсий партияларга тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботи ёки ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари Кенгашининг сессияларида эшитиш ҳуқуқи берилишига тааллуқлидир.

    Бунда қарор депутатларнинг ярмидан кўпи қўллаб-қувватлаган тақдирда қабул қилинади. Партия гуруҳларининг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Кенгашига киритиладиган масалалар бўйича таклифларининг кўриб чиқилиши шарт.

    Шунингдек, партия гуруҳларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш шартлари ва тартиби белгиланмоқда. Ушбу амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда, эндиликда партия гуруҳлари тегишли вакиллик органи қўмиталари ёки комиссиялари раислигига, раис ўринбосарлигига ва аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўладилар.

    Бугунги кунда маҳаллий Кенгашларда у ёки бу партия электорати манфаатларини 6100 дан зиёд депутатлар ҳимоя қилмоқда ва улар 650 дан ортиқ партия гуруҳларини ташкил этишган.

    Эслатиб ўтамиз, O`zLiDeP, «Миллий тикланиш» ДП ва «Адолат» СДП парламент қуйи палатасида демократик блокни ташкил қилган бўлиб, уларга нисбатан Ўзбекистон халқ демократик партиясини ўзини мухолиф деб эълон қилган.