Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш масаласида ўзаро келишилган ягона позицияга эга бўлади

    Қозоғистон Республикаси Президентининг расмий сайти
    Қозоғистон Республикаси Президентининг расмий сайти

    “Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги (Тошкент, 2013 йил 14 июнь) Қонун депутатлар томонидан ратификация қилинди.

    Депутатлар мамлакатлар ўртасидаги муносабат тенглик, ўзаро ишонч ва стратегик ҳамкорлик асосида барпо этилаётганини таъкидладилар. Ушбу Шартномада сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион, маданий-гуманитар, экологик ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг асосий принциплари ва муҳим йўналишлари мустаҳкамланган.

    Шартномада сув-энергетика соҳасидаги барча масалаларни ҳал қилишни, шу жумладан трансчегаравий дарёларда янги гидротехник иншоотлар қуришни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ ва мазкур минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширишни назарда тутувчи Марказий Осиёда сувдан фойдаланишнинг адолатли тизимини ривожлантиришда ўзаро келишилган ягона позиция тасдиқланишига алоҳида эътибор қаратилган.

    Қонун Сенатда маъқулланиши ҳамда Президент томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилингач кучга киради.

    Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 июнда Тошкентда Қозоғистон Республикаси Президенти расмий ташриф билан бўлди.

    Ўшанда Ислом Каримов иккитомонлама учрашув самарали бўлганини ҳамда унинг натижалари тарихан бир-бири билан узвий боғланган икки республика халқлари ўртасида қалин ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтган.

    Стратегик шериклик ҳақидаги шартнома эса иқтисодий ва маданий соҳаларда узоқ муддатли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишларини ўзида акс эттиради.

    Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари сув ресурсларидан фойдаланиш муаммоларини муҳокама қилиб, Марказий Осиё минтақасида шаклланаётган вазият хусусида фикр алмашган.

    — Мураккаб бир замонда яшаётганимизни инобатга олган ҳолда биз яна бир бор халқларимиз ва мамлакатларимизнинг бугуни ва келажаги учун умумий масъулиятни тасдиқладик, — деб қайд этди Ислом Каримов.