Жиззахлик “ДАН” ходими ҳайдовчилардан тушган 39 миллион сўмлик жаримани ўзлаштириб юборди

4Жиззах тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими автотранспорт воситалари техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоидалари ва меъёрларига амал қилишни назорат қилиш бўлинмаси инспектори Акбар Нарматов 11 йилга, унинг таниши Рустам Уралов эса 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Гап шундаки, Акбар Нарматов ўз таниши Рустам Уралов билан жиноий тил бириктириб, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган ҳайдовчиларга ҳуқуқбузарлиги учун тузилган маъмурий баённомалар ижросини таъминламасдан, айбдорлардан “холис хизмат” (ҳайдовчилик гувоҳномалари ва талонларини чора кўрмасдан қайтариб берганлиги) эвазига пора олишни режалаштиради. У бу ишнинг ҳадисини олгач, нафси ҳакалак отади.

Жиззах вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси Клара Якубованинг “Ҳуқуқ” газетасида ёзишича, жиноятчилар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги жазо чораларини икки ой ичида таъминламасдан уни чўзишга ҳаракат қилишади. Икки ойдан сўнг баённомаларнинг ижро муддати ўтиб кетади ва бу уларга қўл келади.

Хизмат эвазига у фуқаролардан жариманинг ярми ёки учдан икки қисми миқдорида пора олади.

 Жиззах тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими автотранспорт воситалари техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоидалари ва меъёрларига амал қилишни назорат қилиш бўлинмасига 2010 йилда 5912 та, 2011 йилда 10799 та, 2012 йил олти ойида 9822 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар келиб тушади.

А. Нарматов эса ўз ваколатига кирмаса-да, 2010 йилда 200 та, 2011 йилда 1148 та, 2012 йилнинг олти ойида 1265 та иш ижросини ўз зиммасига олади. У маъмурий баённомалар бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан жазо чораси сифатида қўлланилган 38 миллион 922 минг сўм (Марказий банк курси бўйича 18,4 минг доллар) жарима пулларини банкка топширмай, ўзлаштириб юборади.

У ўз қилмишини асослаш учун маъмурий баённомаларни рўйхатга олиш китобини ёқиб юборади ва бошқа ишларга қўл уради.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди Акбар Нарматовни 11 йилга, унинг таниши Рустам Ураловни эса 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди. Давлатга етказилган зарарнинг 37 миллион 630 минг сўми қайтарилади, қолган 1 милион 292 минг сўми солидар тартибда ундириладиган бўлди.

SHARE