“Момиқ Исо” ёки одамлар нега дидсиз нарсалар “шайдоси”?

фреска реставрациягача ва ундан кейин
фреска реставрациягача ва ундан кейин

Испаниялик пенсионер Сесилия Хименеснинг “ўхшамаган” асари туристлар учун ўзига хос экспонатга айланди. Гап шундаки, Борха шаҳридаги черковда Исонинг сурати туширилган фресканинг реставрацияси “ўхшамаганлиги”  учун “Момиқ Исо” деган номни олди.

The Telegraph газетасининг ёзишича, “Момиқ Исо” аллақачон 40 минг нафар туристни ўзига жалб қилди. Черковдаги мазкур фреска дунё туристларининг ўзига хос “қадамжоси”га айланди.

Пенсионер Сесилия Хименеснинг реставрация ишлари яхши бажарилмаса-да, кўпчиликнинг эътиборига тушгани учун сайёҳлар ушбу черковга оқиб кела бошлаган. Черков маъмурияти ушбу фрескадан аллақачон 50 минг евро ишлашга муваффақ бўлган. Мазкур баҳсли суратни қандайдир буюк асар сифатида баҳолаш амри маҳол.

Санъатшунос Алексей Савиновнинг “КоммерсантЪ”га айтишича, минг афсуски, ҳозирги кунда ҳамма нарсани пулга айлантиришга интилиш кучли. Авомни нафис дидга эга деб бўлмайди. Тициан, Веласкес ёки Рембрандтни кўриш учун муайян дидга эга бўлиш керак. Ҳақиқий санъат асарига қараш ҳар доим қалб изтироби, юмуши. Шуниси кулгулики, одамлар бу Исонинг юзи бўлгани учун қарашмайди. “Бу дунёда ҳар қандай нарсани пуллаш мумкинлигидан далолатдир, одамлар ҳар доим аҳмоқона нарсаларга интилишади”, дейди санъатшунос.

Шуни айтиш керакки,  “арзон” қадамжолар дунёда кўп топилади. Масалан:

Мексикада Гуанахуато мумиё музейига туристлар жуда кўп келади. У 1870 йилда очилган. Шаҳарда тарқаган юқумли касалликлар боис маҳаллий қабристонда жой қолмайди. Ўшанда ҳукумат кўмиш учун солиқ жорий қилади. Шу боис кўпчилик аҳоли ўз қариндошларини мумиё музейига олиб бориб, мумиёлашади. Аксарият ҳолатларда шифокорлар хатоси туфайли тирик одамлар ҳам мумиёланган. Кўплаб мумиёларнинг юзида даҳшатли ифода қолгани шундан.

Жодугарлар бозори

Боливиядаги машҳур жой бўлиб, у ерда қуритилган ҳайвонлардан тортиб, туморлар, турли дориворларни учратиш мумкин. Бозорда, шунингдек, жодугарлик хизматлари кўрсатилади.

Сақичлар девори

Дунёдаги гигиена талабларига жавоб бермайдиган “қадамжо” Сиэтлдаги сақичлар девори бўлиб, 1993 йилдан бери у ерда сақичлар ёпиштириб борилади. Буни кино учун чиптага навбатда турганлар жорий қилишган.

SHARE