Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизи ушбу мамлакат фуқароси эканидан фахрланади

    (c) UzA. Наманган шаҳри
    (c) UzA. Наманган шаҳри

    Ўзбекистонда Мустақиллик байрами арафасида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакат фуқаролари истиқлол йилларида Ўзбекистон эришган ютуқларни қандай баҳолашини аниқлаш мақсадида ижтимоий сўров ўтказди. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар қилишича, сўровда “мамлакатнинг барча ҳудудида яшайдиган фуқаролар, аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари вакиллари”нинг фикри олинган.

    Сўровда қатнашганларнинг аксарияти (90 фоиздан ортиғи) “истиқлол йилларида жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида улкан натижаларга эришилди”, “мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган”, “Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинди” ва “Ўзбекистон жаҳонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллади” деб ҳисоблайди.

    Сўралганларнинг кўпчилиги (қарийб 90 фоизи) Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланади. Фуқароларимиз, жумладан, ёшлар Ўзбекистон мустақиллигини бебаҳо неъмат деб билади ва “ўз Ватанининг мустақиллигини ҳеч қачон йўқотишни истамаслиги ва истиқлолни ҳеч нарсага алмашмаслиги”ни қайд этиб, унинг янада равнақ топишига, ўз оиласининг истиқболига ишонади.

    Сўровда иштирок этганларнинг 90 фоизининг фикрига кўра, Ўзбекистонда тинчлик-барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг асослари яратилгани, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида демократия принциплари, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари қарор топгани, ижтимоий бозор иқтисодиёти шаклланиб, муваффақиятли фаолият юритаётгани мустақил тараққиётнинг асосий ютуқларига замин бўлмоқда.

    Мамлакатдаги ички сиёсий вазиятни баҳолар экан, жамоатчилик Ўзбекистонда “ижтимоий барқарорлик янада мустаҳкамланмоқда”, “халқимиз ўз келажагига ишонади ва ўзини хотиржам ҳис қилмоқда” деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашганларнинг аксарият кўпчилиги (98 фоизи) мамлакатимиз – миллати ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча фуқаролар учун муносиб ҳаёт шароити таъминланаётган давлат эканидан фахрланади.

    Сўров истиқлол йилларида аксарият аҳолининг (92 фоиздан зиёд) моддий аҳволи, яшаш ва маиший шароити яхшилангани, фаровонлиги кескин ошганини кўрсатди. Сўровда қатнашганларнинг қарийб 90 фоизи ўзи ва оиласининг ижтимоий мақоми ошганини билдирган, 80 фоиздан ортиғи ўз бизнесини ташкил қилган, фермер бўлган, 70 фоизга яқини зарур билимларга эга бўлган ёки билим даражасини оширган. Иштирокчиларнинг фикрича, айнан мустақиллик уларга бундай ютуқларга эришиш имконини берган. Сўров иштирокчиларининг 86 фоиздан зиёди мамлакатимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг амалга оширилиши натижасида таълим нуфузи жиддий равишда ошганини қайд этди.

    Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилган туб ижобий ўзгаришлар қаторида одамлар онгу тафаккурида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берган. Сўралганларнинг қарийб 94 фоизи истиқлол йилларида фуқароларнинг қонунлар, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳурмат қилиш даражаси ошгани, маънавий-ахлоқий қадриятлар мустаҳкамланиб, Ватан тақдири учун шахсий жавобгарлик ҳисси ўсганини таъкидлади.

    Ўзбекистон аҳолиси (99,1 фоиз) Президент Ислом Каримовни мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, Ватанимиз олдида турган барча муаммоларни муваффиқиятли ҳал этиш ва мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашнинг асосий кафолати, деб ҳисоблайди.

    Ўзбекистонда ижтимоий сўровлар асосан “Ижтимоий фикр” маркази томонидан амалга оширилади.

    SHARE