“Қирғизистон шартнома мажбуриятларини бажармасликнинг янги йўлига ўтди”

images (28)

Қирғизистон Республикаси Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари ҳарбий кенгашининг шу йил 15 июнь куни Қўқонда имзоланган қўшма баённомасини бир томонлама бекор қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизматига асосланиб Podrobno янгиликлар агентлиги маълум қилди.

Мазкур баённома Қирғизистоннинг ҳозирги бош вазири ўринбосари (ўша пайтда Қирғизистон Давлат чегара хизмати раиси) генерал-лейтенант Т. Мамитов ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Мазкур баённома Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати органлари томонидан коллегиал тайёрланган бўлиб, унинг бекор қилиниши, матбуот хизматининг фикрича, Қирғизистон давлат чегара хизматидаги ҳамкасбларга ишончсизлик уйғотади ҳамда бу уларнинг лаёқатсизлигини кўрсатади.

Баённоманинг 7-бандида шартнома тамойили сифатида 1969 йилда қабул қилинган “Ҳуқуқ ва халқаро шартномалар тўғрисида”ги Вена конвенциясининг 26-моддасида кўзда тутилган иштирокчилар учун амалдаги шартномаларнинг мажбурийлиги ҳамда уларга виждонан амал қилиш муҳимлиги ҳақидаги шартномавий ҳуқуқ принципини олиш белгиланган.

“Табиийки, баённоманинг бекор қилиниши халқаро ҳуқуқ субъекти — Қирғизистон тарафининг 1969 йилда қабул қилинган “Ҳуқуқ ва халқаро шартномалар тўғрисида”ги Вена конвенциясини тан олмаслигини кўрсатади”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Баённомада Томонларнинг чегара қўшинлари ваколатига кирадиган масалалар қамраб олинган. Идора раҳбари ваколатли шахс бўлиб, идоралараро шартнома имзолаш ваколатига эга шахс ҳисобланади.

“Агар Қирғизистон давлат чегара хизмати ваколатли бўлмаса, Ўзбекистон томони Қирғизистон Республикасининг тегишли ваколатга эга ҳамда ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажарадиган органи билан алоқага чиқишига тўғри келади”, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Ўзбекистон тарафи қирғизистонлик ҳамкасблари баённома мажбуриятларини бажармасликнинг янги йўлига — уларни бекор қилишга ўтибди, деган фикрга бормоқда.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон томони Қирғизистонлик ҳамкасбларининг “профессионал фаолияти”га шубҳа билан қарайди. Зеро, баённома имзоланиши билан боғлиқ қўшма мажлисда Қирғизистон Давлат чегара хизматининг юқори мартабали амалдорлари иштирок этган эди.