Нью-Йоркда шашмақом фестивали

484041_336909279776758_1982730437_n

Нью-Йоркда ўзбек мумтоз мусиқаси — шашмақомга бағишланган халқаро фестиваль бўлиб ўтди. Мазкур мусиқа фестивали «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳамда АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси томонидан ташкил этилди.

Нью-Йоркдаги «Квинс-театр»да бўлиб ўтган фестивалда Тошкентдан махсус келган академик Юнус Ражабий авлодлари ўз чиқишларини намойиш этишди. Қолаверса, Содирхон Убайдуллаев, Авром Толмасов, Убайдулло Солиев, Рошель Рубинов ва бошқалар ижоди қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда расмий доиралар ва жамоатчилик, дипломатик корпус вакиллари, АҚШдаги ҳамюртларимиз — жами 500дан ортиқ киши қатнашди.

563949_336909616443391_1298760992_n

Фестиваль қатнашчилари шашмақомнинг мураккаб қисмларини маҳорат билан ижро этишди. Концертда барча ижрочиларга шашмақом мумтоз мусиқасини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қўшаётган ҳиссалари учун фахрий ёрлиқ ҳамда дипломлар  тақдим этилди.

Хусусан, Ҳасан Ражабий мусиқа ижодида эришган ютуқлари ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ халқлари ҳамда маданиятларини яқинлаштиришга қўшган ҳиссаси учун америкалик сенатор Ч. Шумернинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Шунингдек, «Шашмақом XXI асрда» мавзуида халқаро конференция ҳам ташкил этилди. У ўзбек мусиқа санъатининг етук арбоби Левич Бабахоновнинг 150 йиллик юбилейига бағишланди. Анжуманда шашмақом мусиқа меросининг ўзига хос жиҳатлари, унинг ривожланиш омиллари ҳамда АҚШда оммалашиши, шунингдек, уни келажак авлодга беками кўст етказиш истиқболлари каби масалалар муҳокама қилинган.

970698_336909166443436_11294912_n

 Шуни айтиб ўтиш керакки, биринчи «Shashmaqom Forever» фестивали ўтган йили январь ойида ўтказилган эди. Унда ҳам концерт ва илмий конференция ўтказилган эди. Мазкур тадбирлар Турғун Алиматовнинг 90 йиллигига бағишланган эди.

Шашмақом 2003 йилда дунё маданиятининг бебаҳо мероси сифатида эътироф этилиб, ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.