Эркин Аъзамнинг “Паризод” сценарийси “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ғолиби бўлди

E.Azam_

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллигига бағишлаб ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танлови ғолиблари эълон қилинди. Унга кўра, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари бўйича биринчи ўрин “Ватан десам” шеърий тўплами учун Хосият Бобомуродовага насиб қилди.

Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари бўйича  ёш авлодни истиқлол ғояларига садоқат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга қаратилган “Тузингни тотиб улғайдим, Ватан!” туркум мақолалари учун “Маърифат” газетаси мухбири Несибали Мамбетирзаева энг юқори ўринга лойиқ деб топилди.

Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари бўйича 1-ўринни “Мунаввар йўлдан зафарли манзилгача”, “Мен туғилган юрт” туркум кўрсатувлари учун Қашқадарё вилояти телерадиокомпанияси бош муҳаррири Гулбаҳор Мусаева қўлга киритди.

Тасвирий санъат, фотоасарлари ва дизайн ишлари бўйича бош соврин фотограф Абдуғани Жумаевнинг “Бунёдкорлик эпопеяси” туркум фотоасарлари учун тақдим этилди.

Кино санъати асарлари бўйича эса биринчи ўзбек кино санъатининг ёрқин дурдоналаридан бири “Паризод” бадиий фильми сценарийси учун драматург Эркин Аъзамга насиб этди.

Танловда биринчи ва иккинчи ўринлар соҳиблари, шунингдек, рағбатлантирувчи мукофотлар ҳам ўз эгаларига топширилди.