“Ўзбекнаво” Ватан ҳақида қўшиқ куйлаган хонандаларга лицензияларини қайтариб берди

1354742604_ummon-guruhi-yigitlari-sevgisi-uchun-kurashmaydi

Миллий эстрадасини ривожлантириш ва мувофиқлантириш  кенгаши ҳузуридаги ижодий кўмаклашувчи гуруҳлар йиғилишининг 2013 йил 13 августдаги йиғилиш баёнига асосан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Рахимова, “Нихол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев, Хонанда Дилшод Раҳмонов, хонанда Жасур Умиров, “Уммон” ва “Манго” гуруҳлари лицензиялари қайтариб берилди. Бу ҳақда шоу-бизнес хабарларини ёритишга ихтисослашган “Сайёд” сайти хабар берди.

“Ўзбекнаво эстрада бирлашмаси сайтимиз учун берган эксклюзив маълумотга кўра, лицензиялар қайтарилиши сабаби, аввало, уларнинг қўшиқлари муҳокама қилингани, бу давр мобайнида улар  5 тадан 10 тагача Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар ёзиб тақдим қилишгани ва Мустақиллигимизнинг 22 йиллиги муносабати билан Республикамизнинг чекка  ҳудудларида иштироки ҳамда аҳоли билан ижодий учрашувлар ўтказганликлари кўрсатилмоқда”, дейилади сайтда.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида “Ўзбекнаво” томонидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаев, хонанда Дилшод Раҳмонов, “Уммон” ва “Манго” гуруҳлари хонандаларининг лицензиялари амал қилиш муддати тугатилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Иззатилла Ибрагимов, Собиржон Мўминов, Алишер Турдиев, Равшан Комилов, Тоир Қўзиев, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ҳулкар Абдуллаева ва хонанда Фарҳод Саидов қаттиқ огоҳлантирилди ҳамда уларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун 1 июлга қадар муддат берилди.