Барбара Орнелас: “Дунёни санъат қутқаради!”

    Америкалик моҳир гиламдўз, навоҳо қабиласи вакили Барбара Орнелас
    Америкалик моҳир гиламдўз, навоҳо қабиласи вакили Барбара Орнелас

    24 август куни Тошкентдаги Миллий санъат марказида америкалик моҳир гиламдўз Барбара Орнеласнинг кўргазмаси очилди. Мазкур тадбир 29 августга қадар давом этадиган “Туб америкаликлар маданият ҳафталиги”нинг ўзига хос дебочаси бўлди. Тадбир АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан “IJOD” Ўзбекистон рассомлари, санъатшунослари ва халқ усталари уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Ҳафталикнинг очилиш маросимида ўзбекистонлик маданият ва санъат намояндалари, хорижий дипломатик корпус вакиллари ҳозир бўлди. Тадбирда сўз олган АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол туб америкаликлар, яъни ҳинду қабилалари маданияти кўп асрлик тарихга эга эканини қайд этди. Дипломатнинг таъкидлашича, “АҚШ тарихи янги қитъага европаликларнинг келиши билан бошланган” деган нотўғри қараш шаклланган. Аслида эса, замонавий Америка давлати ташкил этилгунга қадар ҳам ҳудудда асрлар давомида қадимий маданият, эътиқод, санъат ва ўзига хос яшаш тарзига эга бўлган халқлар яшаб келган. Яқин тарихнинг айрим даврларида йўқолиш хавфи остида қолган бўлса-да, илдизи мустаҳкам кўҳна ҳинду маданияти вақт синовидан омон чиқди.

    АҚШдан махсус таклиф этилган санъаткор, апачи қабиласи вакили Кеннет Данканнинг мусиқий чиқиши йиғилганларга манзур бўлди. Оташнафас санъаткор флейта ва урма чолғу орқали ҳинду қабилаларининг авлоддан авлодга ўтиб келаётган бетакрор мусиқасини намойиш этди. Жонбахш ва маҳзун наволарни тинглаган меҳмонлар мағрур ва эрксевар ҳинду қабилаларининг бепоён диёрига ғойибона сайр этгандек бўлишди.

    Тажрибали санъаткор, апачи қабиласи вакили Кеннет Данкан журналистларга интервью бермоқда
    Тажрибали санъаткор, апачи қабиласи вакили Кеннет Данкан журналистларга интервью бермоқда

    Кеннет Данкан – туб америкаликлар тарихи ва маданиятига оид тақдимотлар ўтказишга ихтисослашган дунёга машҳур “Yellow Bird Productions” раҳбари.  Дунё бўйлаб ҳинду маданиятини тарғиб-ташвиқ этиб келаётган санъаткор ҳозирга қадар Арманистон, Грузия, Озарбойжон, Гватемала, Салвадор, Колумбия, Ливан, Қозоғистон, Туркманистон давлатларида чиқишлар қилган. Бу Кеннет Данканнинг юртимизга илк ташрифи.

    – Мусиқа, рақс, умуман, санъат ғоят сеҳрли ва қудратли кучга эга. У инсон қалбини ғуборлардан фориғ этади, ғам‑ташвишлардан халос этади, юксак парвозларга ундайди, – дейди Кеннет Данкан биз билан суҳбатда. ­– Қўлимга соз олганимда, дунёни тамоман унутаман. Мусиқа ва рақс орқали ўзлигимни намойиш этишга ҳаракат қиламан. Ҳинду қабилалари ғоят бой оғзаки ижодга, мусиқа ва рақс анъаналарига эга. “Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу” деганларидек, узоқ мозий давомида халқимиз яхши кунларни ҳам, ёмон кунларни ҳам бошдан кечирди. Аммо ўз инсоний қадр-қимматини, мустаҳкам иродасини йўқотмади. Мусиқа ва фольклоримизда ана шу мотивлар етакчилик қилади. Болалигимдан бой мусиқий анъаналарни ўргандим, таъбир жоиз бўлса, ана шу анъаналар ҳаётим мазмунига айланди. Бугун эса ворисийлик бурчидан келиб чиқиб, бетакрор мусиқий қадриятларимизни фарзандларимга ўргатмоқдаман. Бошқа халқлар қатори бизда ҳам ишқ-муҳаббат мавзусидаги мусиқий асарлар талайгина. Боя, флейтада намойиш этган куйимда ҳам юрагига ишқ чўғи тушган ошиқ йигитнинг гўзал маъшуқасига муҳаббати тараннум этилган.

    Ҳинду мусиқаси намойиши меҳмонларга манзур бўлди
    Ҳинду мусиқаси намойиши меҳмонларга манзур бўлди

     

    Дарвоқе, ўзи мансуб халқнинг беназир маданиятини жаҳонга танитиб келаётган санъаткор Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалида ҳам қатнашади.

    Туб америкаликлар ҳунармандчилигининг ёрқин намояндаси, наваҳо қабиласи вакили Барбара Орнеласнинг гиламдўзлик ишлари ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Йиғилганлар кўп асрлик барқарор анъаналарга эга бўлган гиламдўзлик санъатининг энг гўзал намуналаридан кўз узолмай қолдилар. Орнелас грофессионал тўқувчи сифатида оддий жун ёки наматдан санъат асарлари ярата олган. Америка элчиси Жорж Крол таъбири билан айтганда, “Орнелас ишларидаги нақш ва ранглар узоқ ўлкалар ва хилма-хил маданиятлар аро бадиий тахайюлнинг ўзаро уйғун эканидан далолат беради, бунда эса Ер куррасидаги барча халқлар бир бутун эканига ишора бордек”.

    Барбара Орналес ижодидан намуна
    Барбара Орналес ижодидан намуна

    Барбара Орнелас – наваҳо қабиласининг бешинчи авлод тўқувчиси. Мазкур сулола вакиллари турли ярмарка ва фестивалларда туб америкаликлар ҳунармандчилигини намойиш этиб келишмоқда. Хусусан, Барбара Орнеласнинг ўзи қатор фестиваль ва танловларда совриндор бўлган. Ҳунармандчиликнинг ушбу мураккаб тури бўйича илмий-амалий қўлланмалар ёзган. Унинг ижод намуналари нуфузли музейларда, шахсий коллекцияларда сақланади.

    ­ Нью-Мексикодаги Ту Грей Ҳилз Трейдинг Постда туғилиб катта бўлдим. Бизнинг оилада аёллар анъанавий равишда гиламдўзлик ҳунари билан машғул бўлиб келган, – дея ўз мулоҳазалари билан  бўлишади Барбара Орнелас. – Гиламдўзлик дақиқ меҳнат, катта қунт, улкан сабр-тоқат талаб қилади. Машаққатларга қарамай, ушбу муқаддас анъаналарни сақлаб келяпмиз. Айни пайтда университетда таҳсил олаётган фарзандларим бошқа соҳада ишлашни режалаштираётган бўлсалар-да, барибир бўш вақтларида гиламдўзлик билан шуғулланишади. Сулоламиз анъаналаридан бутунлай воз кечишга кўзлари қиймайди-да. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимнинг ишлари билан танишиб, икки халқ гиламдўзлиги ўртасида кўплаб муштаракликлар борлигини ишонч ҳосил қилдим. Ранглар, нақшлар, шаклу шамойиллар, ҳатто гиламларнинг ҳажмида ҳам недир уйғунликлар кўзга ташланади. Бу бежиз эмас. Менга мазкур муштараклик дунё халқлари ўзаро дўст-биродар бўлиб яшашига рамзий даъват бўлиб туюлади. Бугунги ташвишли замонда инсон ҳаётида санъатнинг, ижоднинг ўрни янада ошмоқда. Менга қолса, дунёни талотўплардан санъат қутқаради, деган бўлардим. Ҳинду ҳикматларидан бирида: “Ҳаёт кўз очиб юмгунча ўтиб кетади, шундай экан, бир-бирингизга яхши муомалада бўлинг!” дейилади. Ушбу ҳикматга доим амал қилиб яшашимизни тилаб қоламан.

    АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Крол ҳамкасбларига гиламдўзлик ҳунари намунаси ҳақида сўзлаб бермоқда
    АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Крол ҳамкасбларига гиламдўзлик ҳунари намунаси ҳақида сўзлаб бермоқда

    Барбара Орнеласнинг ташрифи мазкур кўргазма билан чекланмайди. Моҳир гиламдўз Самарқандга сафар қилиб, маҳаллий тўқимачилик санъати намояндалари билан ўз тажрибаларини ўртоқлашади, ўзбек халқ амалий санъати мактаби билан танишади. Шунингдек, ҳафталик доирасида америкалик меҳмонлар маҳорат машғулотлари ўтказишади, мамлакатимиз маданият арбоблари билан учрашишади.

    Собир САЛИМ

    Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Эдгар кўргазмада
    Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Эдгар кўргазмада
    Орналес сулоласи ижодидан намуна
    Орналес сулоласи ижодидан намуна
    Кўргазма доирасида сурхондарёлик ҳунарманд Хадича Раҳимбердиева ишлари ҳам намойиш этилди
    Кўргазма доирасида сурхондарёлик ҳунарманд Хадича Раҳимбердиева ишлари ҳам намойиш этилди

    9

    10

    SHARE