Америкаликлар Сурияга ҳарбий аралашувга қарши

Obama waits before joining Clinton on stage during the second session of the Democratic National Convention in CharlotteШу кунларда Суриядаги вазият ўзининг энг кескин палласига кирди. Гап шундаки, мухолифат вакиллари ҳукуматни кимёвий қурол ишлатганда айблаётган бўлса, ҳукумат, ўз навбатида, бу навбатдаги иғво эканлигини айтмоқда.

Умуман, сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида Ғарб мамлакатлари томонидан Сурияга ҳарбий аралашувга доир кўплаб ахборотлар берилмоқда, турли баёнотлар тарқатилмоқда. Қисқа қилиб айтганда, халқаро миқёсда Сурия ҳукуматига қарши кенг миқёсли ахборот хуружи олиб борилмоқда. Бу бежизга эмас. Чунки сўнгги йилларда Ироқ, Ливиядаги ҳарбий ҳаракатлар ва улардаги ҳукуматлар амалга оширган ишлар, айниқса, ёлғонлар аҳолининг ҳукуматга бўлган ишончини сусайтирмоқда.

Буни Reuters/Ipsos томонидан ўтказилган сўров натижалари ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, респондентларнинг 60 фоизи АҚШ Сурияга ҳарбий аралашиши керак эмас, деб ҳисоблайди. Бор-йўғи 9 фоизи наздида, Барак Обама жиддий ҳаракатларга қўл уриши керак.

19-23 август кунлари ўтказилган сўровда қатнашганларнинг 25 фоизи, агар Башар Ассад кимёвий қурол қўллагани тасдиқланадиган бўлса, АҚШнинг ҳарбий интервенциясини қўллаб-қувватлашишини маълум қилган. Шу ҳолатда ҳам 46 фоиз америкаликлар бу қарорга қарши бўлишларини айтган.

Агар Барак Обама урушга аралашадиган бўлса, у Афғонистон ва Ироқдаги уруш ҳаракатлари пайтидагидан ҳам кўра кўпроқ қаршиликка дуч келиши мумкин. Қатор республикачилар, чунончи, сенатор Жон Маккейн Обамани ҳаракатсизликда айблади. Аммо қатор ҳарбийлар Обамани ушбу қарордан тийилишга чақиришди.

“АҚШ охирги пайтларда кўпроқ дунё полицияси вазифасини бажармоқда ҳамда кўп жойдаги можароларга аралашиб қолганмиз. Аслида бу БМТнинг вазифаси”, дейди собиқ ҳарбий Чарльз Кольс.

Сўровда 1448 нафар киши қатнашган бўлиб, унинг адашиш эҳтимоли +/-2,9 фоизни ташкил қилади.

Сўровга кўра, респондентларнинг 11 фоизи АҚШ ҳарбий тўдаларга фақат қурол-яроғ бермасдан, балки кўпроқ аралашиш чораларини кўриш керак деса, 89 фоизи ҳарбий тўдаларга умуман ёрдам бермаслиги керак деб ҳисоблайди.

SHARE