Туялар “Шарқ тароналари” халқаро фестивалига тайёр

tuya“Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилоят бошқармасига аъзо халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати соҳиблари — ҳунармандлар ҳам “Шарқ тароналари” IX Халқаро фестивалига қизғин тайёргарлик кўришмоқда, деб ёзади “Зарафшон” газетаси.

 Хусусан, фестиваль қатнашчилари ҳамда хорижлик сайёҳлар учун Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” меҳмонхонаси ҳамда Регистон майдонининг Шердор мадрасаси ёнида ва Тиллакори мадрасасида самарқандлик ҳунармандлар томонидан яратилган йигирма беш турдаги халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси ташкил этилади.

Уларда асосан миниатюрачи-мусаввирлар – Олим Шамсиев, Мансур Нуруллаев каби ҳунармандларнинг сопол товоқларга “Шарқ тароналари” ёзуви битилган тўрт хил ўлчамдаги мингдан ортиқ маҳсулотлари, Маъруф Маҳмудовнинг тери ва чармга ишлаган халқаро фестивал тарихи ва бугунига бағишланган кўркам ва бежирим совғабоп маҳсулотлари кенг ўрин олган.

— “Афросиёб” давлат музейи ҳудудида “Буюк Ипак йўлидан”, деб номланган майдоннинг ташкил этилгани “Шарқ тароналари” IX халқаро фестивали учун энг муносиб совға бўлди, деб ўйлайман, — дейди тажрибали ҳайкалтарош Туркман Эсанов. — Чунки бундан бир неча йиллар аввал Регистон майдони ҳудудида жойлашган, ўзим 1987 йилда яратган “Туя етаклаган карвон” тасвирли ҳайкалтарошлик асари бугун ўз жойи – Афросиёб тепалиги кириш қисмидан жой олди. Бунинг рамзий маъноси шундаки, ушбу “туя етаклаган сарбон” Буюк Ипак йўлидан ўз карвони билан кўҳна, аммо ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига Афросиёб тепаликлари оша кириб келмоқда.

Туя етаклаган сарбон – Афросиёб тепалигида- Халқаро фестивал кунлари “Чорсу” тасвирий санъат галериясида вилоят давлат музей-қўриқхонаси, бошқармамиз ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Самарқанд бўлими ташаббуси билан “Тароналар тантанаси” кўргазмаси ҳам ташкил этилади, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Акобир Ҳакимов. – Унда “Шарқ тароналари”нинг ўтган саккизта фестивалида намойиш этилган ўзига хос нодир чолғу асбоблари, иштирокчиларнинг миллий кийимлари, шунингдек, самарқандлик рассомлар томонидан ишланган ранг-тасвир асарлари кўргазмаси ташкил этилади. Мазкур кўргазма 15 сентябрга қадар давом этади.

Сўнгги маълумотларга кўра, “Шарқ тароналари” халқаро фестивалининг расмий очилиш маросими бугун бўлиб ўтади.

SHARE