Ўрозбой Абдураҳмон: Жойларда китоб дўконлари китобдан ташқари барча нарсани сотмоқда

Adabiyot-alladan-boshlanadiДард инсонни тез улғайтиради, айниқса, ижодкорни. Ўтган асрнинг 80-йилларида заҳматкаш ижодкорЎрозбой Абдураҳмоновни ана шундай дард — «Оролим — дардим менинг» китоби дунёга танитди. Китоб жаҳоннинг ўнлаб тилларига таржима қилинди. Унда бутун бир халқнинг дарди мужассам эди. “Оила даврасида” чоп этилган суҳбатда Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов билан адабиёт ва оиладаги тарбиявий муҳит муштараклиги хусусида боради. Қуйида унинг айрим жиҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ёзувчининг айтишича, “{унинг} ёзишига булбулнинг овози, қизларнинг нози, мутасаддининг буйруғи кор этмаган. Ёзиш истаги кўнгилда туюлган қандайдир сирли оламнинг хуфиясини ошкор этишдан туғилар балки…

“Бир авлод даврини чорак аср деб олсак, менимча, тўлақонли оиланинг шаклланиши учун ҳам шунча муддат лозим бўлади. Демак, чақалоқнинг шахсгача шаклланиш жараёни асосан оилада ва бошқа ижтимоий инс­титутларда кечади. Бизда «Бўладиган бола беш ёшидан беллидур» дейишади. Немислар ҳар хил ранг ва шаклдаги ўйинчоқлар орқали чақалоқ уч ойлигидаёқ унинг лаёқатини аниқлаб, зарур касб-ҳунарга тайёр­лашни бошларкан”, дейди ёзувчи.

Адабиёт касб эмас, лекин у инсоннинг шахс сифатида маънавий шакл­ланишида энг муҳим омил саналади. Адабиётга эътибор, буюк Мольернинг бутун умр прозада гапириб юриб, бунинг проза деб номланишини фақат кексайганда англаган қаҳрамонига ўхшаб қолмаслик учун ҳам зарур.

Доимо чиройли, меҳрли сўзлар қўлланиладиган оиладан маънавий етук шахслар чиқади. Агар биз миллий менталитетимизга лойиқ, аждодлар йўлига содиқ авлод етишиб чиқишини истасак, адабиёт дарсини она алласидан бошлаганимиз маъқул.

Адибнинг фикрича, аввало, инсон шахс бўлиб туғилмайди, шахс инсоннинг интеллектуал имконига мос равишда жамиятда шакл­ланади. Менимча, адабиётда шакл­ланган шахслар ижод қилгани маъқул­роқ, чунки уларда мус­тақил фикр, нимани ёзиш ёки ёзмаслик инсофи, энг муҳими, маҳорат деган тушунча ҳам мавжуд бўлади. Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Ойбек каби адиблар маънавий дунёси кенг, буюк шахс­лар эди. Улар халқ дардини ўз дарди деб билган ва уни енгиллатиш йўлида ўз имкониятини сарфлаган ва ўз идеалларига охиригача содиқ бўлган.

Адабиётга хизмат деганда ёзувчи меҳнатининг қадр-қиммати тўғрисида ҳам фикрлаш мумкин. «Ўзинг ёз, ўзинг нашр қил, ўзинг олиб бориб сот» қабилидаги муносабат билан адабиёт икки дунёда ҳам ривожланмайди.

Адибнинг наздида, онанинг алласи билан кирган нарса меҳр бўлса, ҳаётнинг завқи ва шавқи, ранг-баранглиги ва мураккаблиги тўғрисидаги тушунчалар сўз сеҳри билан мутолаа орқали муҳрланиб боради. Боланинг қўлига илинган дастлабки китоб-дафтарларга кўп нарса боғлиқ. Ёшига, иқтидорига қараб танланган китоб, бола учун бир умр буюк адабиёт бўлиб қолади.

“Биз баъзан боланинг бирин-кетин­ бериладиган, мантиқли-мантиқсиз саволларидан қочиб қоламиз ёки унинг жавобини ўзимиз ҳам билмаймиз. «Алдагани бола яхши» қабилида баъзан ёлғон айтиб қўямиз. Майли, овунгани учун шундай қилиш ҳам керакдир, лекин ёлғоннинг уруғи кўнгилга бир тушдими, уни кейин кетмонлаб ҳам олиб ташлай олмайсиз. Шунинг учун мутолаани ўрнак, намуна тарзида ўргатиш лозим. Шахсий намуна бунда алоҳида аҳамият касб этади.Ўзингиз ўқимасангизу болангизга ўқигин деганингиз, ўзи ароқхўр одамнинг энди ичишни ўрганаётган боласига «ичмагин» дегани билан баб-баробар”, дейди ёзувчи.

Адибнинг фикрича, шахснинг шаклланиш давридаги романтик туйғуларни шаҳарнинг «югур-югур» тирикчилигидан олиб бўлмайди. Буюклар ҳамма жойда туғилиб, яшайвериши мумкин, лекин китоблар асосан йирик шаҳарларда чоп этиляпти. У қишлоқларга ўз оёғи билан етиб бора олмайди. “Ҳатто, Тошкентнинг ўзида йўл юкини енгиллатиш мақсадида йўл-йўлакай ташлаб кетилган китоб­ларни кўрганман”, дейди ёзувчи.

Китоб бечораларни қишлоқда орзиқиб кутиб турган маскан-ташкилот йўқ. Китоб савдоси, матлубот жамиятларининг китоб дўконлари ёки расталари аллақачон хусусийлаштирилиб, китобдан бош­қа барча нарсаларни сотяпти. Сабаби, китоб ҳеч қачон савдо мутасаддиларининг биринчи даражали моллар рўйхатида турмайди. Чунки уларнинг наздида китоб қоринни тўйдирадиган озиқ эмас.

Китоб бозорга чиқдими, демак, у товарга айланди. Бирининг бозори чаққон, бирининг эса харидори кам. Нима қилиш керак? Демак, ушбу молнинг нималиги, унинг қадр-қиммати ҳақида аввало, оилада, кейин боғча ва мактабда уқтирилиши лозим. Айтиш, мажбурлаш эмас, ибрат йўли билан.

Ёзувчининг фикрича, анъанавий оилада кексага ҳурмат, кичикка иззат тушунчаси қонуний қоида сифатида синг­дирилган. Агар қайси бир пайтлари болага мардлик, меҳр-инсоф мавжлари ўрнига миттигина ёлғончилик томчиси тушиб қолган бўлса, оқибатини энди тотаверасиз. Авар шоири Расул Ҳамзатов бир пайтлари «Сиз ўтмишга тўппонча кўрсатсангиз, келажак сизни тўп билан ўққа тутади» деб бекорга айтмаган.Ўтмиш билан келажакни туташтирувчи дунё бўлмиш китобга эътиборсизлик хунук оқибатларга олиб келиши мумкин.

“Менга ёшларимизнинг тиниб-тинчимас, изланувчан қайсарлиги, қўйган эзгу мақсадларга интилишлари, илм-билимга, ҳунарга қизиқувчанликлари қувонтиради, илҳомлантиради. «Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!» деган мисралар ёдимга келади”, дейди ёзувчи.

— Мен бир йигитни биламан, — дейди Ўрозбой Абдураҳмон. — У мактабда, университетда яхши ўқиди, яхшигина бир ишга кирди, оила қурди, фарзандли бўлди… Хуллас, ҳаммаси яхши эди. Ёш мутахассис сифатида ўарбда малака ошириб ҳам келди ва лекин аввалги меҳнатсевар изланувчан йигитнинг ўрнига куну тун ётиб, компьютердан бошини узмайдиган, ётағон кимса бўлиб қайтди. У ўзича ҳаммадан ақлли, билимдон. Лекин ётағон билимдон кимга ҳам керак?! Оқибатда оила бузилди. Ана шундайларни кўриб ранжийман.