Ирланд вискиси Ўзбекистонда ўзининг патент ҳуқуқини ҳимоя қила олмади

    250px-Jameson_LABELЎзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги апелляция кенгаши «Legion Trade Asia» МЧЖ (Ўзбекистон) ва «IRISH DISTILLERS LIMITED» (Ирландия) ўртасидаги “Jameson” виски бренди билан боғлиқ патент ҳуқуқи тортишувида маҳаллий компания манфаатларини ҳимоя қилди. Бу ҳақда Podrobno.uz янгиликлар агентлиги хабар тарқатди.

    “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш Қоидаларига кўра, илгари Ўзбекистон Республикасида бошқа шахс номига рўйхатдан ўтказилган ёки рўйхатдан ўтказиш сўраб талабнома берилган, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилмай ҳам муҳофаза қилинадиган ёки шу турдаги товарларга нисбатан анча илгарироқ устуворликка эга бўлган товар белгилари билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга айнан ўхшаш бўлган белгилар рўйхатга олинмаслиги қайд этилган.

    Иш давомида материалларни ўрганиб чиққан Апелляция кенгаши “Jameson” сўз билан ифодаланадиган белгини товар белгиси сифатида рўйхатга олмаган. Чунки “Jameson” сўзли белгиси «LEGION TRADE ASIA» МЧЖ номига берилган “Jameson”, “John Jameson” товар белгиларига ўхшаш. Компания 2008 йилда ушбу белгиларга патент олган.

    Қоидаларнинг 106-бандига кўра, сўзли белгиларнинг ўхшашлигини аниқлаш учун улар қуйидагилар билан таққосланади:

    а) сўзли белгилар билан;

    б) таркибига сўзли белгилар кирган жамлама белгилар билан.

    Сўзли белгилар ўхшашлиги товушли (фонетик), график (кўз билан кўрадиган) ва мазмунан (семантик) бўлиши мумкин.

    Агентлик мутахассислари ушбу сўзли белгилар ўхшаш деган хулосага келган. Айни пайтда рўйхатдан ўтиш бўйича устуворлик ҳисобга олинган. Яъни “Jameson” товар белгиси халқаро рўйхатга олиш бўйича кечроқ санада рўйхатдан ўтказилган. “Jameson”, “John Jameson” товар белгилари 2007 йилда рўйхатдан ўтган. Ирландия патент идораси томонидан берилган патент гувоҳномаси экспертиза пайтида инобатга олинмаган.

    Қонуннинг 10-моддаси 14-бандида кўзда тутилган ўзга шахсларга тегишли ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таниқли бўлган фирма номларини (ёки уларнинг бир қисмини), агар бу номга бўлган ҳуқуқ бир турдаги товарларни белгилаш учун товар белгисига доир талабнома келиб тушган санадан аввалроқ олинган бўлса, такрорловчи белгилар Қонуннинг 15-моддаси иккинчи қисмига биноан экспертизадан ўтказилмаган. Ушбу моддада экспертизадан ўтказиш чоғида талабномада ифодаланган белгининг: товар белгисини экспертиза қилишда ушбу Қонун 3-моддасининг биринчи қисми ҳамда 10-моддаси (10-моддаси биринчи қисмининг 14-банди бундан мустасно) қоидаларига, товар келиб чиққан жой номини экспертиза қилиш ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини беришда эса ушбу Қонуннинг 6 ва 11-моддалари қоидаларига мувофиқлиги текширилади, деб белгилаб қўйилган.

    Апелляция пайтида даъвогар томонидан кўтарилган “инсофсиз рақобат” масаласи ҳам кўриб чиқилмаган. Бу агентлик апелляция кенгаши ваколатига кирмайди, дейилади хабарда. Шундай қилиб Ўзбекистон ҳудудида халқаро патент рўйхатига эга бўлган “Jameson” товар белгисига ҳуқуқий муҳофаза тақдим этмасликка қарор қабул қилинган.

    “Jameson” машҳур ирланд вискиси бўлиб, 1780 йили Дублинда асос солинган. Бугунги кунда йилига 1,2 миллион яшик виски ишлаб чиқаради.

    SHARE