Дурбек Аманов Германияга элчи этиб тайинланди

    Дурбек Аманов (ўртада)
    Дурбек Аманов (ўртада)

    Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасида Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб Дурбек Аманов тайинланган. Унинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланган.

    Эслатиб ўтамиз, Дурбек Аманов Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги бош консули сифатида фаолият юритиб келган эди.

    Жорий йилнинг июль ойида Дурбек Аманов ваколат муддати тугаши муносабати билан ўз вазифасини топширди.

    Шуни қайд этиш керакки, Дурбек Аманов сўнгги уч йил давомида консул вазифасини бажариб келган эди.

    Шуни айтиш керакки, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси фаолият худудига АҚШнинг 32 штати, Канада, Мексика ва Марказий Америка мамлакатлари киради.

    Бош консулхона АҚШ, Канада, Мексика каби мамлакатларга доимий яшаш учун ва вақтинчалик (ўқишга, ишлашга ва ҳоказо) келган Ўзбекистон фуқароларини консуллик рўйхатига олиш, уларга керакли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш ва тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, консуллик ҳудудида яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг фуқаролик ҳолатларини қайд этиш – никоҳ, туғилганлик ва ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни расмийлаштириш, фуқаролик масалаларига тегишли бўлган ҳужжатлар қабул қилиш, доимий яшаш жойлари (пропискалари) Ўзбекистонда бўлган ҳолатда хорижда вақтинча юрган ва паспортларини йўқотган ёки паспортларининг муддати тугаган фуқароларимизга Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаларини расмийлаштириш,  консуллик ҳудудида истиқомат қилаётган фуқароларимиз учун турли ҳужжатларни, шу жумладан, далолатномаларни нотариал тасдиқлаш, консуллик ҳудудида ҳибсга олинган, судланаётган ва жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ушбу хорижий давлат қонунлари ва тегишли халқаро битимлар қўлланишини назорат қилиш, АҚШ, Канада ва бошқа хорижий давлат фуқароларига Ўзбекистонга кириш визаларини расмийлаштириш ва ҳоказоларни бажариб келади.

    Дурбек Аманов “Ватандош” газетасига бир неча бор интервью берган бўлиб, тегишли ахборотларни олишимизда яқиндан ёрдам кўрсатиб келарди. Дипломатимизга ўз фаолиятида омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

    SHARE