Мактаб формаси бир ўқувчига 270-310 минг сўм туради

© Flickr, Peretz Partensky
© Flickr, Peretz Partensky/Mashable

Ўзбекистонликлар шу кунларда янги ўқув йилига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Кимдир даср қуролларини олиш ғамини еяётган бўлса, яна кимдир ўз фарзандига мактаб формасини сотиб олиш тараддудида. Шуни қайд этиш керакки, мактаб формаси турли хил гап-сўзларга, баҳсларга ундайди. Бир гуруҳ ота-оналар мажбурий форма кераксизлигини айтишса, айрим ота-оналар форма ортиқча “йиғди-йиғди”лар кўп бўлишини айтишади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жамолиддин Камоловнинг “Оила даврасида” газетасига берган интервьюсига кўра, мактаб ўқувчиларининг кийиниши ҳамда ташқи кўринишига қўйиладиган талаблар вазирликнинг 2012 йил 7 июндаги умумий ўрта-таълим мактабларининг ички тартиб-қоидаларини такомиллаштиришга оид буйруғига асосланади. Умумтаълим мактабларида ўқувчилар либосларининг жорий этилиши замирида уларни таълим олишдан чалғитадиган тўсиқларни олиб ташлаш ғояси мужассам. Бир хил кийим ўқувчиларни ҳар жиҳатдан тенглаштиради, эътиборини тўлиқ дарсни, ўзлаштиришга қаратади. Бола ҳам ўз навбатида, мактабга фақат билим олиш учун боришини тушуниб етади. Қолаверса, бу таълим муассасаларидаги муҳитни янада яхшилайди.

“Мактаб формаси ва унинг дизайни ҳар бир мактабнинг ҳудудий хусусиятларидан келиб чиқиб, мустақил равишда танланади. Бунда ҳудуднинг иқлим шароити, ўқувчиларнинг ёши, физиологик ривожланиш хусусиятлари ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятлари инобатга олинади. Мактаб формаси марказлашган ҳолда махсус тикувчилик устахоналарида келишилган нархларда тикилиши ҳам мумкин. Кийим дизайнини танлаш ва уни тайёрлаш мактаб жамоаси ва ота-оналар иштирокида, барчанинг таклиф-истаклари инобатга олинган ҳолда амалга оширилади», дейди вазирлик вакили.

Бошқарма бошлиғи ўринбосарига кўра, айримлар орасида «мактаб формаси учун пул йиғилармиш», деган гаплар ҳам юради. Лекин бу гаплар ҳеч қандай асосга эга эмас. Биронта мактабда ўқувчилардан форма учун пул йиғилмайди. Бу қатъиян тақиқланган.

Тошкент шаҳридаги 50-мактаб директорининг ўринбосари Гулчеҳра Қурбонованинг айтишича, мактаб формаси, биринчидан, болалар ўртасида келиб чиқадиган ижтимоий тенгсизликнинг олдини олади. Иккинчидан, мактаб ички тартиб-интизомини сақлашга хизмат қилади. Қувонарлиси, ҳозир ота-оналарнинг ўзи мактабда ўқувчилар учун ягона форма бўлиши лозимлигини қўллаб-қувватламоқда. Ўзлари ҳар йили ташаббус билан чиқмоқда. Янги ўқув йили учун ота-оналар билан келишиб, ўқувчилар формасини танладик ва унинг эскизини тикувчилик корхонасига тақдим қилдик. Тез кунларда либослар тайёр бўлади. Формани танлашда мактаб маъмурияти фақатгина унинг ранги, матоси ва фасонини тасдиқлайди, холос. Уни ҳамма  маъқуллаганидан кейин ҳар бир ота-она тикувчилик фирмаси билан тўғридан-тўғри шартнома тузади. Буюртма асосида тайёрланган мактаб формасида (кўкрак қисмидаги логотипда) ўқувчининг исм-фамилияси, нечанчи мактаб ва синфда ўқиши ҳам ёзилишини маъқул топдик. Бу маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида берилади.Ўқувчининг кимлиги, қаерда таҳсил олишини билиш шу либоси орқали маълум бўлади.Ўқувчи эса бундай формани кияркан, руҳан ўз-ўзини назорат қилади, яъни кўча-кўйда ҳам ўйлаб қадам босади.

«Фэйшн дизайн груп» тикувчилик фирмаси раҳбари Наталья Супряткинанинг айтишича, ҳар йили пойтахт мактабларининг август кенгашларида иштирок этиб, мактаб формасига буюрт­ма олади. Мутахассислар формани ўн кун ичида тикиб беради. Агар формада бирон камчилик топилса, у янгисига алмаштирилади.

Бугунги кунда корхонада бошланғич синф ўқувчилари формасининг нархи ўртача 270 минг сўмни ташкил этади. Юқори синф ўқувчилариники эса бундан 30-40 минг сўм кўпроқ. Формага костюм-шим, нимча, бўйинбоғ ва тўртта кўйлак (биттадан оқ ва мовий рангли енги калта ва енги узун) киради.

“Бу маблағни бирдан тўлай олмайдиган ота-оналар бўлса, шартнома тузиб, йил давомида тўласа бўлади. Кам таъминланган оилалар учун 50 фоиз­гача чегирма белгилаганмиз”, дейди тадбиркор.

Ўзбекистонлик ота-оналарнинг айтишича, ўқувчилар формасининг бир хил бўлмаслиги, биринчи навбатда, уларнинг ўзига яраша табақаланишига олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида эса ўқувчилар гуруҳ-гуруҳга, яъни «бой» ва «камбағал» тоифаларга ажралиб қолиши мумкин. Психологлар фикрича, форма масаласида имконияти чекланган ўқувчи қимматбаҳо кийимларни кийган тенгқурларига қараб, ўзини камситилгандай ҳис қилади.Ўзини четга олиб, кўнгли ўксийди.

SHARE