Жорж Крол: Инглиз тили Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада кенгайтириш ва нуфузини оширишга хизмат қилади

    1016117_10151982581709186_1080801593_nАмерика Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Кролнинг айтишича, Ўзбекистон ўтган йигирма икки йил ичида мустақил давлат сифатида улкан ишларни амалга оширди.

    “АҚШ элчихонаси Ўзбекистон тараққиёти йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида, жумладан, инглиз тилини ўргатиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилаётганидан ғоят мамнунман. Инглиз тили жуда универсал тилдир. Бу тилни ўзлаштириш Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада кенгайтириш ва нуфузини оширишга хизмат қилади”, дейди элчи жаноблари ЎзА мухбири билан суҳбатда.

    Элчи АҚШ Ўзбекистоннинг иқтисодиётни ривожлантириш ва диверсификация қилиш, хорижий сармоя жалб қилиш учун янада қулай муҳит яратиш ҳамда минтақавий савдо ва тижоратни ривожлантириш учун мавжуд улкан салоҳиятни ишга солиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.

    Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида ҳам улкан салоҳиятга эга. АҚШ элчихонаси Тошкентдаги Америка савдо палатаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон билан мустаҳкам иқтисодий ва савдо алоқаларига эга «General Motors», «Boeing» ва «Nukem» каби АҚШ компаниялари билан бир қаторда Ўзбекистонга сармоя киритишга катта қизиқиш билдираётган бошқа компанияларга ҳам ёрдам кўрсатиб келмоқда.

    “Ўзаро алоқаларимиз узоқ йиллар давомида янада ривожланиб бораверишига қатъий ишонаман. Мен таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликнинг кенгайиши ва такомиллашишини истардим. Зотан, бу йўл орқали мамлакатларимиз фуқаролари бир-бирлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиши мумкин. Фан ва технология ҳам ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишларидандир”, дейди элчи.

    Жорж Кролнинг қайд этишича, АҚШ ва Ўзбекистон Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизлик мустаҳкамланишидан ва минтақанинг янада равнақ топишидан бирдек манфаатдор. Америка Ўзбекистон раҳбарияти ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан минтақавий барқарорликни таъминлаш, терроризм, гиёҳвандлик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши кураш йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган дастурларни қўллаб-қувватлашдан мамнун. “Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссасини, хусусан, Афғонистонга кўрсатаётган доимий кўмагини юксак қадрлаймиз. Минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган ишлар ва ташаббуслар борасида Ўзбекистон билан кенг кўламда ҳамкорликни изчил давом эттираверамиз. Америка Қўшма Штатлари сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ масалаларга ҳам бефарқ эмаслигини билдиради ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида минтақада сув ва энергияни бошқариш борасидаги мулоқот мазкур муаммога барҳам беришига ишонади”, дейди элчи.