Барак Обама Сурияга ҳужум қилиш бўйича ҳал қилувчи қарорни қабул қилгани йўқ

Obama on PBS discussing Syria retaliation

Барак Обама Суриядаги вазиятга Ғарб мамлакатларининг ҳарбий аралашуви бўйича илк марта ўз муносабатини билдириб ўтди. PBS жамоатчилик телевидениесига интервью берган Барак Обама Сурияга қарши ҳарбий амалиёт ўтказиш ёки ўтказмаслик бўйича охирги қарорни ҳали қабул қилмаганини айтган. Унинг фикрича, Пентагон Сурияга қарши бир неча сценарийларни тайёрлаган. Бу ҳақда Euronews хабар тарқатди.

“Кимёвий қурол ишлатилгани учун қасос олишда шундай йўл танлаш керакки, бу ҳаракатлар ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш мақсадида фуқаролар урушини олиб бораётган Асад режими учун кимёвий қуролни истиқболда қўллашга йўл қўйиб бўлмаслигига кучли сигнал бўлиши лозим”, деди Обама.

Унинг сўзларига кўра, Дамашқ яқинида ишлатилган кимёвий қуролда мамлакат ҳукуматининг қўли борлиги бўйича АҚШ зарур далилларга эга.

Америка оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, бундай далиллардан бири Сурия мудофаа вазири ва кимёвий қуроллар қўмондонлиги ўртасидаги телефон мулоқоти ҳисобланади.

Буюк Британия БМТ Хавсизлик кенгашига ҳарбий кучларни ишлатишга рухсат берадиган резолюция лойиҳасини тақдим этди. Аммо Россия ва Хитой ҳужжатнинг қоидаларига рози бўлишмади. Суриядаги можарога ташқи кучларнинг аралушувига АҚШ, Буюк Британия ва Франция фуқаролари ҳам кескин қаршилик кўрсатишмоқда.

“Биз айбдорлар масаласида ўзимизнинг нуқтаи назаримизга эгамиз — Ассад режими айбдор. Ҳақиқатда, кимнидир айблаш учун аниқ бир хулоса йўқ. Аммо шуниси тушунарлики, одамлар БМТ экспертлари фикрини эшитишмоқчи, уларнинг фикрлари ҳам резолюцияга киритилишини хоҳлашмоқда”, деди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг.

БМТ экспертлари ҳали ҳам Сурияда жойлашган бўлиб, улар кимёвий қурол қўлланилгани ҳақидаги воқеани ўрганишмоқда. БМТ Бош котиби экспертларга ўз миссиясини тўлиқ якунлашга шароит яратиб беришларини сўраган, унинг фикрича, экспертлар хулосасини олиш учун камида 4 кун керак бўлади.