Ўзбекистонда 85 минг сўздан иборат имло луғати нашр этилди

© mezon.uz/Kun.uz
© mezon.uz/Kun.uz

«Akademnashr» нашриёти Мустақиллик байрами арафасида янги имло луғатларини нашрдан чиқарди. Бу ҳақда Mezon.Uz интернет-нашрига асосланиб, Kun.uz хабар бермоқда.

Ўзида 85 минг сўз ва сўз бирикмаларини жамлаган «Ўзбек тилининг имло луғати» ва «O‘zbek tilining imlo lug‘ati» китоблари лотин ва кирилл алифбосида чоп этилди. Луғат филология фанлари доктори, профессор Э.А.Бегматов ва филология фанлари номзоди, катта илмий ходим А.П.Мадвалиев томонидан тузилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти ушбу луғатни кирилл ва лотин ёзувларида алоҳида-алоҳида китоб ҳолида нашр этиш мақбул деб ҳисоблаган. Шу сабабли дастлаб унинг кирилл ёзувидаги варианти тайёрланган. Янги имло луғати сўзлиги 1976 йили нашр этилган «Ўзбек тилининг имло луғати», 5 жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», 12 жилдли «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» сўзликларидан ҳамда мактаб дарсликлари, газета ва журналлардан тўпланган сўзлардан фойдаланиб тузилган.

Луғат 1956 йили қабул қилинган «Ўзбек орфографиясининг асосий қоидалари»га асосланади. Шу билан бирга, кейинги пайтларда имло амалиёти тажрибасида пайдо бўлган баъзи хусусиятлар ҳам ҳисобга олинган. Луғатнинг лотин ёзувидаги варианти Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 августдаги «Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан қабул қилинган «Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари»га асосланган ҳолда яратилди.

Қайд этилишича, ушбу луғат ўзбек тилининг ҳозирда мавжуд имло луғатларидан сўзлигининг бойлиги; имлоси қийин ва мунозарали бўлган, ҳозирга қадар имло луғатларига киритилмай келаётган сўзларни ҳам қамраб олганлиги; нашр этилган ва этилаётган бошқа тип луғатлар (изоҳли, энциклопедик, терминологик ва ҳакозо)нинг ижобий имловий тажрибаларини ҳисобга олганлиги; кейинги ўттиз йил давомида ўзбек тили имлоси амалиётида юз берган, кўпчилик томонидан маъқул деб топилаётган ижобий имловий ўзгаришларга эътибор берганлиги; мустақиллик даврида ўзбек тилига кириб келган янги сўз ва терминлар ёзилиш шаклини илмий-имловий баҳолагани билан фарқланади.

SHARE