БМТ экспертлари хулосаси ҳафта охирида аниқ бўлади

Contract photographer

Бугун БМТ экспертлари Сурияда ўз миссияларининг учинчи иш кунини давом эттиришди. Эрталаб экспертлар меҳмонхонани тарк этишиб, Дамашқ яқинидаги аҳоли яшаш пунктларини кўздан кечиришди. Бу ҳақда euronews хабар тарқатди.

Шу кунларда Венада бўлиб турган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Сурияда кимёвий қурол қўлланилганини текшираётган экспертлар қарор қабул қилиш ва маърузани тайёрлашлари учун озгина вақт керак бўлади.

“Суриштирув ҳаракатлари жума кунга қадар давом этади. Экспертлар Сурияни шанба куни эрталаб тарк этишади ва мен шу ерда комиссия хулосалари билан танишаман”, деди БМТ Бош котиби.

Айни пайтда Ғарб мамлакатлари масъуллари ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги кескин чиқишларини бироз сусайтирган. Масалан, Барак Обама охирги қарорни қабул қилмаганини айтган бўлса, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг одамлар БМТ хулосасини кутаётганлигини маълум қилган.

Ўз навбатида, Америка ҳарбий кучлари Сурия атрофида ҳалқа ҳосил қилмоқда. Ўрта ер денгизида тўртта эскадра миноносеци ва бир нечта сув ости кемаси навбатчилик қилмоқда. Умумий ҳисоблаганда, ушбу кемалардан Сурия ҳудудига 400 га яқин ракеталар учирилиши мумкин.

Шу билан бир қаторда, АҚШнинг Туркиядаги Инжирлик ҳарбий базасида ҳам фаоллик кучайган. Қолаверса, Иорданиядаги қирол ҳарбий маркази ҳам Пентагон фойдаланиши учун тайёр. Бу яна 1000 нафар аскар ва 2 та Patriot русумидаги зенит-ракета мажмуаси деганидир.

SHARE