Ислом КАРИМОВ: «Касб ва маҳоратни, иқтидор ва қобилиятни сотиб олиб бўлмайди»

    UzA/Фаҳод Қурбонов, Сарвар Ўрмонов, Аъло Абдуллаев
    UzA/Фаҳод Қурбонов, Сарвар Ўрмонов, Аъло Абдуллаев

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 29 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

    Агентликнинг ёзишича, Ислом Каримов дастлаб пойтахтнинг Хадра майдонига ташриф буюрди.

    «Хадра майдони – Тошкентнинг тарихий марказларидан бири. Бу ерда Навоий шоҳ кўчаси, Фурқат, Зарқайнар ва Себзор кўчалари ўзаро кесишади. Майдон атрофида Тошкент давлат цирки, турли идора ва ташкилотлар, савдо мажмуалари, кўп қаватли уйлар жойлашган. Шу боис майдон ҳамиша гавжум, кўчалар серқатнов бўлади”, дейилади ахборотда.

    Қайд этилишича, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун янада қулай имкониятлар яратиш мақсадида бу ерда улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Фурқат кўчасини Зарқайнар ва Себзор кўчалари билан боғлайдиган ер ости автомобиль йўли реконструкция қилинди. Навоий шоҳ кўчасида 46 метрлик ер ости йўлаги қурилди. Фурқат кўчасидан ўтувчи 82 метрлик пиёдалар йўлаги таъмирланди.

    Президент мазкур объект билан танишар экан, бундай йирик иншоотларни лойиҳалаштириш ва қуришда шаҳарнинг иқлим шароитини ҳисобга олиш, рельефидан оқилона фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

    Ўтган асрнинг 80-йилларида Навоий ва Фурқат кўчалари чорраҳасидаги ер ости автомобиль йўли, Хадра майдонининг ён томонидаги кўп қаватли уй қурилишида ана шундай табиий омиллар ҳисобга олинмагани, узоқни ўйламай иш тутилгани кўплаб ноқулайликлар туғдирар эди. Ҳудуднинг асосий қисми асфальт ва бетон билан қоплангани бизнинг иқлим шароитимизга тўғри келмас эди. Бинолар йўлга жуда яқин қурилгани сабабли уларнинг олдига дарахт экишнинг ҳам иложи йўқ эди.

    Кўп қаватли уйларда яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, дам олиши учун имконият яратиш, Хадра майдонида мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида бу ерда улкан фаввора бунёд этилди. Фаввора 12 метр баландликкача кўтарилади. Тунда ранг-баранг чироқлар ёғдусида жилоланади.

    9796

    – Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жараёнида доимо инсон манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, – деди Президентимиз. – Аҳолининг яшаши, меҳнат қилиши, дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар яратилмоғи даркор.

    Кўчалар, майдон ва хиёбонларда яшил ҳудудларни кенгайтириш борасидаги ишлар ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Каштан, қарағай, арча, қайин каби ҳавони тозаловчи ва кислород билан бойитувчи кўплаб дарахтлар ва гуллар экилиши натижасида пойтахтимиз янада обод ва кўркам бўлиб бораётир. 2012 йилда Буюк Британиянинг нуфузли “Экономист” журнали бўлинмаси – Economist Intelligence Unit (EIU) компанияси эълон қилган рейтингда Тошкент дунёнинг яшаш қулай бўлган шаҳарлари орасида 58-ўриндан жой олгани бунинг далилидир.

    Хадра майдонида амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари самарасида пойтахтимизда яна бир сўлим маскан пайдо бўлди. Майдоннинг Навоий шоҳ кўчасига яқин қисмидаги асфальт қопламаси олиб ташланиб, унинг ўрнида яшил майсазор барпо этилди. Манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. Болалар учун ўйин қурилмалари ўрнатилди.

    Бино, йўл ва бошқа инфратузилма иншоотларини қуришда нафақат бугунги кунни, балки келажак авлодлар манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда иш тутиш зарур, деди Ислом Каримов.

    Президент Хадра майдонининг қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг, аввало болаларнинг дам олиши учун яратилган қулайликларни янада ошириш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, фаввораларни замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

    Президент шундан сўнг “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг реконструкция қилинган Қуюв-механика заводи фаолияти билан ҳам танишди.

    «Тубдан реконструкция қилиниб, янги қуюв линияси жорий этилган Қуюв-механика заводи Ўзбекистонда темир йўл тармоғини жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир», деб ёзади агентлик.

    “Дизель локомотивлари паркини модернизация қилиш” лойиҳаси бўйича мазкур корхона “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ихтиёрига берилди. Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қуйма маҳсулотларнинг салмоқли қисми мазкур завод цехларида тайёрланаётир. Айни пайтда бу ерда 1270 мутахассис иш билан банд.

    Давлат раҳбарининг 2012 йил июнь ойидаги Қуюв-механика заводида юк вагонларини таъмирлаш базасини ривожлантириш, вагон қурилишини ташкил этиш ва қуюв ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларига оид қарорига асосан 2012 йилдан бошлаб мазкур ишлаб чиқариш тармоғида 150 миллион АҚШ долларилик лойиҳа амалга оширилди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 48,8 миллион АҚШ долларига тенг кредити ва қолган қисми “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ҳисобидан амалга оширилди. Завод Германиянинг “Kunkel Wagner”, “Otto Junker”, “Nederman” компанияларида ишлаб чиқарилган энг замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланди. Таъкидлаш жоизки, лойиҳа асосида заводнинг янги қуюв линиясида ўрнатилган ушбу янги авлод технологиялари Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Энг муҳими, янги қуюв линиясининг модернизация қилингани электр қувватини сезиларли даражада тежаш имконини бераётир.

    Мазкур лойиҳанинг аҳамияти шундаки, импорт ўрнини босувчи бир неча турдаги эҳтиёт қисмларни корхонанинг ўзида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Йилига 26,5 минг тонна қуюв маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур заводда бугунга келиб 167 турдаги саноат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилди. Бу йилига 15 миллион АҚШ доллари миқдоридаги валютани иқтисод қилиш имконини беради. Лойиҳа маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотлар учун йилига 15 минг тоннадан зиёд пўлат, 10 минг тоннадан ортиқ чўян ва 500 тонна рангли металл қуйиш, шунингдек, 1200 янги вагон қуриш, 950 йирик ҳажмли контейнерлар ишлаб чиқариш ва 1500 юк вагонини қайта таъмирлаш имконини беради. Заводда нафақат темир йўл тизимидаги ишлаб чиқариш тармоқлари, балки мамлакатимизнинг етакчи машинасозлик саноати корхоналари учун ҳам зарур эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 2012 йилда юк вагонларининг янги турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    Корхонада янги ишлаб чиқариш турлари ўзлаштирилмоқда. Жумладан, юк вагонлари капитал таъмирланиб, модернизация қилинмоқда, янги юк вагонлари қурилмоқда, чўян, металл ва рангли металл қуйиш, ҳаракат таркиби ва темир йўлнинг устки қисмини бутловчи эҳтиёт қисмлар, шунингдек, ностандарт металл конструкциялар каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

    Келгусида мамлакатимиздаги бошқа саноат тармоқларининг қуюв маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш орқали маҳсулотлар таннархини камайтириш мўлжалланмоқда. Заводнинг юк вагонларини қуриш қувватини йилига 3 мингтагача ошириш, шунингдек, бошқа турдаги вагонларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда.

    Ислом Каримов бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишар экан, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган замонавий техника ва технологияларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.

    – Бугунги кунда атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш жуда долзарб масаладир, – деди Президент. – Шу боис ишлаб чиқариш жараёнида экологик тоза ва сифатли технологиялардан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бир пайтлар Ўзбекистоннинг машинасозлик ва металлургия соҳаларини ўзлаштира олишига шубҳа билан қараганлар ҳам йўқ эмас эди. Эртасига ишонган мамлакат халқигина фаровон яшайди. Ўзбекистон бугун нафақат машинасозлик ва металлургия соҳаларида, балки темир йўл соҳасида ҳам барқарор тараққий этаётганига барча ҳавас билан қарамоқда.

    Металл қуйиш дунё миқёсида оғир саноатнинг энг етакчи ва мустаҳкам тармоқларидан бири саналади. Ўзбекистон ўзининг иқтисодий мустақиллигини таъминлай олган давлат сифатида оғир саноатнинг бу йўналишини ҳам ўзининг имкониятлари ва салоҳияти эвазига жаҳонда иқтисодий инқироз ҳукм сураётган бир пайтда муваффақият билан ўзлаштирди.

    Корхона юк вагонлари қуриш, вагон йиғув, тайёрлов ва комплектлаш, механика-йиғув, қуюв, темирчилик-пресслаш, асбобсозлик, таъмирлаш-комплектлаш, механик таъмирлаш, ёғочга қайта ишлов бериш, транспорт, компрессор, кислород, энергия қувват цехлари, автомобиль жиҳозларини таъмирлаш участкалари каби кўп тармоқли цехлардан таркиб топган. Бу ерда 5 километрдан зиёд темир йўл мавжуд.

    Қуюв-механика заводининг янги металл қуюв цехи ва участкаларида вагон қуриш, мураккаб техника ва ускуналарни таъмирлашга имкон берадиган энг ноёб гидравлик пресслаш, пармалаш дастгоҳлари мавжуд.

    – Зукко ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни кўриб, уларнинг шижоатидан, замонавий техника ва технологияларни осонлик билан ўзлаштираётганидан хурсанд бўламан, – деди давлат раҳбари. – Албатта, ҳар қандай асбоб-ускунаю, техника ва технологияни исталганча сотиб олиш мумкин. Аммо касб ва маҳоратни, иқтидор ва қобилиятни сотиб олиб бўлмайди. Ўз иш фаолиятини бошлаган ҳар қандай ёш мутахассис улкан масъулиятни ҳис этиб, иш жараёнида қўлланиладиган замонавий техника ва технологияни ишлатишга тайёрманми, деган саволни ўз олдига қўйиши, барча талабларга жавоб бериши, шижоат билан ишлаши керак. Ёшларнинг бундай замонавий технологиялардан фойдаланаётгани бизнинг катта ютуғимиздир.