Хитой савдо-саноат банки ярим йилда 22,34 миллиард доллар соф фойда олди

857236

Дунёда капитализацияси бўйича энг йирик банк — Хитой савдо-саноат банки (ICBC) жорий йилнинг биринчи ярмида 22,34 миллиард АҚШ доллари миқдорида соф фойда олди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС банкнинг Гонгконг фонд биржасида тарқатган ҳисоботига таяниб маълум қилган.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 12,4 фоизга кўпдир. Бу банк экспертлари прогнозларидан ортиқдир.

Фонд биржаларига тарқатилган ҳисоботда келтирилишича, 2013 йилнинг июнь ойи охирига келиб банкнинг умумий активлари қиймати 3 триллион долларга етди. Банкнинг риски юқори бўлган кредитлари ҳажми эса 0,87 фоизни ташкил қилади. Банкнинг етарлилик (ликвидлик) даражаси эса 13,11 фоизга етади. Ваҳоланки, ҳукумат бу кўрсаткични 9,5 фоиздан кам бўлмаслигини қайд этган.

Хитой савдо-саноат банки Хитойда давлат томонидан назорат қилинадиган тўртта банкнинг бири бўлиб, унинг қимматли қоғозлари Гонгконг, Шанхай фонд биржаларида савдога қўйилган.