АҚШнинг “қора бюджети”: махфий хизматлар нимага кўпроқ пул сўрашган?

Syrian-Electronic-Army-The-Shadow

The Washington Post газетаси Эдвард Сноуден томонидан эълон қилинган ҳужжатларнинг навбатдаги қисмини чоп этди. Бу галги материалларда АҚШ хавфсизлик хизмати бюджети масаласи атрофлича таҳлил этилади. Улардан англашиладики, ҳозирги кунда АҚШ разведкаси харажатлари “совуқ уруш” йилларидагиданда кўп бўлиб, Россия ҳали ҳам АҚШ хавфсизлик идоралари учун устувор мамлакатдан бири бўлиб қолмоқда.

The Washington Post газетаси журналистлари 178 саҳифадан иборат ҳисоботни қўлга киритган бўлиб, унинг бор-йўғи 17 варағи эълон қилинган.

Сўнгги 6 йил давомида АҚШ ҳукумати хавфсизлик хизматига ажратилган маблағларнинг умумий миқдорини чоп этиб келаётган эди. Аммо ушбу маблағлар айнан қайси йўналишларга сарфланиши ошкор этилмас эди.

Эълон қилинган ҳужжатга кўра, АҚШ махфий хизматлари харажатлари 11 сентябрь воқеаларидан сўнг икки баравар кўпайган. Ўтган 12 йил давомида уларнинг эҳтиёжлари учун 500 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган.

Эдвард Сноуден ошкора қилган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг ўзида АҚШнинг 16 махфий хизмати харажатлари 55 миллиард долларга етди. Жорий йил учун Конгрессдан 52,6 миллиард доллар сўралган.

Энг серхаражат махфий идора Марказий разведка бошқараси бўлиб, унинг харажатлари 2012 йилда 14,7 миллиард долларни, Миллий хавфсизлик агентлигининг харажатлари 10,5, Ҳаво-космик разведка миллий бошқармасиники эса 10,3 миллиард долларни ташкил қилган.

Ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатдики, ажратилган маблағларнинг 20,1 миллиард доллари иқтисодий беқарорлик таҳдидлари, ижтимоий танглик ва бошқа ҳолатларни аниқлаш ва анализ қилишга сарфланган. 17,2 миллиард доллари терроризмга қарши курашиш ҳамда АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этишга йўналтирилган. 6,7 миллиард доллари оммавий қирғин қуроллари тарқалишига, 4,3 миллиард доллари кибержиноятларнинг олдини олишга ажратилган.

АҚШ хавфсизлик хизматлари учун Россия, Хитой, Эрон, Куба устувор мамлакатлар ҳисобланади. Бу давлатлар қаторида ҳатто Исроил ҳам бор. The Washington Post мухбирларининг ёзишича, Исроил гарчи АҚШнинг энг яқин иттифоқдоши бўлса-да, бир неча марта ушбу мамлакатнинг Америкадаги айғоқчилик ҳаракатлари аниқланган. АҚШ хавфсизлик хизмати органлари учун энг муаммоли давлат Шимолий Корея бўлиб, айғоқчилик маълумотларини олиш жуда мушкул вазифа ҳисобланади.

SHARE