Абдулазиз Комилов Тошкент — Сиэтл биродар шаҳарлар уюшмаси ҳамраисини қабул қилди

    А. Илёсов сурати ("Жаҳон" АА).
    А. Илёсов сурати (“Жаҳон” АА).

    Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент — Сиэтл биродар шаҳарлар уюшмаси ҳамраиси Диана Пирс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти хабар тарқатди.

    Делегация Ўзбекистонга икки шаҳар ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилганининг 40 йиллик юбилейи ҳамда Ўзбекистон мустақиллиги байрами муносабати билан ташриф буюрган. Учрашувда Тошкент ва Сиэтл ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари икки давлатда ҳам катта эътибор қаратилиши айтиб ўтилди.

    Томонлар Тошкент ва Сиэтл ўртасидаги ҳамкорликнинг муваффақиятли тажрибасини икки  давлат тузилмалари, жамоат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари доирасида ҳам маданий-гуманитар, илмий-таълим соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этишди.

    Тарихчилар Тошкент ва Сиэтл ўртасидаги алоқалар тарихини 1971 йил билан боғлашади. Ўшанда Аляска авиакомпанияси раҳбарияти таклифига биноан, Тошкент шаҳар ижроқўми раиси (ҳокими) Воҳид Қозимов ўзининг Иркутск ва Сочи шаҳарларидаги ҳамкасблари билан Сиэтлга ташриф буюради. Сиэтлнинг ўша вақтдаги мэри ва Қозимов жуда қалин бўлиб кетишади ҳамда икки шаҳар ўртасидаги биродорлик алоқаларини ўрнатиш ташаббуси туғилади.

    Бу ғояни амалга оширишда АҚШ президенти Ричард Никсоннинг 1972 йили Москвага қилган ташрифи муҳим роль ўйнади. Гарчи Никсоннинг мазкур расмий ташрифдан мақсади Шимолий Вьетнамга босим ўтказиш бўлса-да, ушбу учрашув доирасида ядровий қуролни қисқартиришга ҳам келишилади.

    Сиэтл жамоатчилиги бу воқеадан руҳланиб, СССР билан маданий алоқаларни ҳам ўрнатиш зарурлигини қайд этишади. Сиэтл мэри Вес Ульман Никсонга Тошкент билан биродар тутиниш ҳақидаги таклифини киритади. 1973 йилда Сиэтл собиқ иттифоқ ҳудудидаги шаҳарлар билан қардошлик алоқаларини ўрнатган биринчи шаҳар бўлади.

    1974 йилда Сиэтлда  “Тошкент” парки барпо этилади, кейинчалик машҳур ҳайкалтарош Шарипо Яковнинг “Бахт қуши Семурғ” композицияси ушбу паркнинг кўркига айланади. Тошкент – Cиэтл муносабатлари СССР ва АҚШнинг ўзаро алоқалари ёмонлашган даврларда, хусусан, Афғонистон инқирози йилларида фаолият олиб борди.

    Айни пайтда Тошкентда ҳам “Тинчлик боғи” ва “Сиэтл” кафеси очилади. Эътиборли жиҳати, “Тинчлик боғи”ни барпо этишда юзлаб сиэтллик кўнгиллилар қатнашади.

    Ҳамкорликда турли маданий тадбирлар, байрамлар, анжуманлар ўтказиш йўлга қўйилди. Уларда, айниқса, дунёда тинчликни ўрнатиш ғояси устувор эди. Хусусан, 1983 йилда сиэтлликлар ядро урушининг олдини олиш истаги битилган хатга 42 мингта имзо йиғишиб, Тошкентга етказишади. Айни чоғда Тошкентда ҳам худди шу ният билан 120 минг имзо йиғилади.