Барак Обама Сурияга БМТ Хавфсизлик кенгаши мандатисиз ҳужум қилади

US_Syria_t618

Барак Обама Сурияга қарши ҳарбий ҳужум уюштиришга қарор қабул қилди. Бугун Оқ уйда баёнот билан чиққан Барак Обама Суриянинг кимёвий қурол қўлланилганига жавобан ҳарбий ҳаракатлар ўтказишга қарор қилгани ва буни амалга ошириш учун армия тайёр эканлигини маълум қилган.

Обама ҳарбий ҳаракатлар қачон ўтказилишини маълум қилмаган: “Ҳарбий ҳужум балки эртага, кейинги ҳафта, балки бир ойдан сўнг бўлиши мумкин”, деди у.

АҚШ ҳарбийлари ҳаракати вақт ва макон бўйича чегараланган бўлиб, америкалик аскарлар Сурия ҳудудига кирмайди.

Обама, шунингдек, ҳарбий ҳужум учун Конгресс рухсатини олишга уриниб кўришини маълум қилди. Хусусан, Конгресс етакчилари билан ушбу масалада келишувга эришилган. Сўнгги маълумотларга кўра, Конгресс таътилдан қайтгач, яъни 9 сентябрь куни ушбу масалани муҳокама қилиши мумкин.

Обама баёнот охирида журналистларнинг Конгресс маъқулламаса, нима бўлади, деган саволига жавоб бермади. АҚШ қонунчилигига кўра, президент Конгресснинг махсус рухсатисиз 60 кун уруш ҳаракатларини олиб бориши мумкин.

Обама айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгаши мандатисиз ҳам бу ишга қўл ура олишини қайд этган.

SHARE