Ислом Каримов: Яқин Шарқ минтақасида юз бераётган қарама-қаршилик ва қонли тўқнашувлар жаҳолат ботқоғига ботиб қолиш билан боғлиқ

    ЎзА
    ЎзА

    Ислом Каримов 31 август тонгида “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида ташкил этилган ўзбек халқининг озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган аждодларни ёд этиш маросимида қатнашди.

    Ислом Каримов уламолар, жамоатчилик вакиллари билан суҳбатда бугунги кунда мамлакатимиз ва жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, олдимизда турган муҳим вазифалар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

    “Биз мустақиллик йилларида азалий қадриятларимиз, дину диёнатимиз, миллий ўзлигимизни тиклаш йўлида қандай катта ишларни амалга оширганимиз элу юртимизга яхши маълум. Лекин бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт ва унинг ўткир талаблари маънавият соҳасида янги-янги вазифаларни олдимизга қўймоқда. Бутун дунё миқёсида инсон онги ва қалбини эгаллаш учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб бир шароитда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, уларни бизга ёт ва бегона бўлган турли бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этаётгани барчамизга яхши аён”, деб таъкидлади Президент.

    “Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш этилган махсус кўрсатувда Ислом Каримов “ҳозирги вақтда дунёнинг узоқ ва яқин ҳудудларида, Яқин Шарқ минтақасида юз бераётган қарама-қаршилик ва қонли тўқнашувлар, низо ва зиддиятларнинг туб илдизи ҳам айнан мана шундай кенг билим ва тушунчага эга бўлмаслик, жаҳолат ботқоғига ботиб қолиш, ақидапарастлик ва маҳдудлик билан боғлиқ”, деб айтиб ўтди.

    Ўзбекистон раҳбарининг фикрича, Сурия муаммоси кеча пайдо бўлгани йўқ.

    “Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта ҳаётимизга таҳдид солиши мумкин бўлган бундай хатарларнинг салбий таъсирини, афсуски, бизнинг яқин ён-атрофимизда содир бўлаётган турли воқеа ва ҳодисалар мисолида ҳам кўриш, сезиш қийин эмас. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, бу воқеалар бизнинг ҳудудимиздан четда, бизга дахли йўқ, деб лоқайд қараш, бепарво бўлиб юриш асло мумкин эмас, деб қайд этди Ислом Каримов.

    Президентнинг фикрича, бундай ғоявий хуружлар турли йўллар билан, устамонлик билан олиб борилаётгани соғлом фикрли ҳар бир одамни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди.

    “Бундай ғаразли кучларнинг асосий нияти – ҳали ҳаётий тажрибаси, сиёсий-ижтимоий савияси етарли бўлмаган, содда ва ғўр ёшларни йўлдан уриш, ўзининг қабиҳ ниятлари йўлида фойдаланиш эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”, деди у.

    Президентга кўра, бизга ёт ва бегона бўлган турли зарарли оқимлардан ҳимояланиш учун одамларга бу борадаги бор ҳақиқатни етказиш зарур. Таъбир жоиз бўлса, бундай хавф-хатарлардан одамларни, авваламбор, ёш авлодни ҳақиқат билан ҳимоя қилиш керак.

    SHARE