Иқбол Мирзо: “Биз ҳалигача бозордан санъатни ажратиб ололганимиз йўқ”

I_Mirzo

“Одам улғайиш баробарида ижоди ҳам, шахси ҳам ўсиб боравераркан. Қайси соҳа эгаси бўлишингдан қатъи назар, масъулиятни чуқур ҳис этиб, эътибор билан ёндашиш лозим. Мен бир пайтлар ёшликнинг шўхлиги, олови билан ёзганман. Аммо бугун айтадиган гапимни мушоҳада қилишга, чуқурроқ ўйлашга мажбурман”, дейди Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо “Оила даврасида” чоп этилган суҳбатида.

Унинг фикрича, ана шу мажбурият ортидан ёзилган шеърларини кўпроқ таҳрир қилади, ўйлайди, ишлайди. Тарих ҳақида шеър ёзадиган бўлса, манбани аниқ олади ва бошқалар илғай олмайдиган энг инжа жиҳатларини-да ўрганади. “Масалан, Самарқанд ҳақида туркум шеърларимни ёзганимда Амир Темур ҳаёти, қолаверса, Самарқанд ҳақида ҳам турли манбалардан қўшимча маълумотлар олиб, ўқиб, ўрганганман. Бу ҳамма ижодкор учун керак. Кимдир ёзган нарсангни ўқиб, у ҳақда савол бериб қолса, «Ҳа, энди ёзувдим-да», деб бўлмайди. Ижодкорнинг яна бир хусусияти шундаки, у доим бир сувратда, бир хил ҳолатда кўриниши мумкин эмас. Ёш улғайяпти. Дунё ўзгаряпти. Шоир замон билан ҳамнафас қадам ташлаши, керак бўлса, замондан илдамроқ одимлаши шарт”, дейди шоир.

Иқбол Мирзонинг фикрича, адабиёт одамлар яхши яшаши учун эмас, бахтли яшаши учун хизмат қилиши керак. Яхши ва бахтли яшаш — буларнинг орасида жуда катта фарқ бор. Чунки унинг замирида ўзига яраша ишоралар, дард, билим, мантиқ ётади. Масалан, тарих ҳақидаги шеърлар ўтмишни эслатиш учун эмас, ундан сабоқ чиқариш, ўзликни, ғурурни англашга, ўз ҳаётига разм солишга ўргатиш учун ёзилади. Адабиётнинг вазифаси шу. Адабиёт ҳаётни, инсонни қадрлашга ўргатади.

— Ижодкор ёлғонни тўқийдию, ҳақиқатни ёзади, деган гап бежизга айтилмаган. Чинданам, ижодкор ёзганлари воситасида ҳақ гапни  айта билмоғи даркор. Агар у тўғриликдан тонса, ҳайбаракаллачилик қилса, ёлғон ёзса, сўзнинг қадри йўқолади, оёқ ости бўлиб, озиб-тўзиб қолаверади. Шоир қайси йўналишда ёзмасин, хоҳ у модерн бўлсин, хоҳ анъанавийлик ёки оқ-сарбаст шеърлар бўладими, фақат ва фақат тўғри ёза билса, шунинг ўзи кифоя, — дейди у.

Маълумки, Иқбол Мирзо Миллий эстрадани ривожлантириш ва мувофиқлаштириш жамоатчилик кенгаши раиси ҳисобланади. У бугунги қўшиқлар савиясининг саёзлашиб бораётгани ҳақида ҳам ўз фикрини билдириб ўтди

— Эстрадада бизни чалкаштираётган нарса бозор, яъни бизнес билан санъатнинг аралашиб кетганлиги. Биз ҳалигача бозордан санъатни ажратиб ололганимиз йўқ. Қўшиқчиликда бозорга аралашиш тезроқ кечди. Чунки бу ерда пул бор, — дейди шоир. — Энди бу икки унсурни ажратиб олиш қийин кечади. Чунки бозор жозибаси ҳақиқий санъатни ҳам, санъаткорни ҳам тортиб кетаверади. Шу маънода ҳақиқий қўшиқларни, санъат асарларини яратишдан манфаатдорлик камроқдай туюлади. Ке­йинги пайтдаги чоралар шунинг учун кўриляптики, «Эй, инсон! Санъат дегани бу ўртага чиқиб, алмойи-алжойи гапларни валдираб, халқнинг пулини шилиш эмас, санъат дегани, худди адабиёт сингари у билан теппа-тенг туриб халқнинг савиясини, тафаккурини ўстириш дегани», демоқчимиз. Шеърият ҳамиша қўшиқ билан ёнма-ён бўлади. Бугун кўпчилик ўзини эстрадага урганлиги сабабли уларга шеър етказиб бериб бўлмай қолди. Шу сабаб уларнинг ёнида юриб шеър ёзиб берадиган, чақирган пайти студияга келиб ўтирадиган

Унинг таъкидлашича, бу ижод одобининг бузилишига олиб келди. “Ижод одоби деганда мен маза-матраси бироз қиёмидан ошиб кетган ёки етмай қолган сатрларга тизилган сўзларни назарда тут­япман. Шоирликнинг ҳам ўз талаблари, энг муҳими одоби бор. Сиз меҳмоннавозликда ўтириб, одамлар олдида турли мавзуда гаплашишингиз, ҳатто, яланғоч сўзларни, латифаларни ишлатишингиз мумкин. Аммо ижодда яланғоч сўздан фойдаланиб, яланғоч хатти-ҳаракат ва яланғоч муомала кетмайди. Бу одобни бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ”, дейди у.

SHARE