Мустақиллик Тантаналари Бруклинда

1274538_10200683313308035_895382829_oВатан – бу азиз даргоҳ, унинг меҳри эса муқаддас туйғудир. Ҳар бир инсон ўз ватанини ана шундай муқаддас туйғулар ила севиб, асраб авайлар экан, шунинг билан биргаликда унинг ҳурлигини, эркинлигини кўриб завқланади. Мана ватанимиз Ўзбекистоннинг Мустақиллигига ҳам 22 йил тўлди. Ушбу унутилмас кунни улкан тантана ила нишонлаш ҳар йилги анъанага айланиб қолган. Байрам тантаналари нафақат ватанда, балки бутун дунё бўйлаб, ватандошларимиз ташаббускорлигида нишонланади. Яқинда АҚШнинг Бруклин шаҳрида ўтказилган байрам дастури бутун Нъю Ёркдаги ўзбеклар қалбида унутилмас қувонч ва шодлик улашди десак муболаға бўлмайди.

Uzbek TV New York раҳбари Илхомжон Кенжабоeв ҳамда Томоша театри бадиий раҳбари Сиддиқ Санаeв бошчиликларида ташкил этилган байрам консерти шу ойнинг 30-инчисида, Бруклин шаҳрининг “National” ресторанида бўлиб ўтди. Байрамдаги 200 кишидан ортиқ меҳмонларнинг кўп қисмини ўзбеклар ташкил этган бўлсада, унда бошқа миллат вакиллари, тожиклар, руслар, турклар, азарбайжонлар ҳамда инглизлар ҳам ташриф буюришгани барчамизни чексиз қувонтирди.

Байрам дастурининг анъанага биноан Републикамиз мадҳияси билан 621138_10200683409150431_253472682_oбошлангани айрим ватандошларимизга ватан меҳри, она юрт соғинчи билан биргаликда уларнинг кўзларига ёш олиб келди. Очилиш маросими ўзбек, тожик, рус, ва инглиз тилларида олиб борилиб, ушбу тилларда давом эттирилди. Кичкинтойларимизнинг илҳомланиб юртимиз ҳақида шеърлар ўқиб беришлари очилиш маросимига янада кўрк қўшди.

1278042_10200683354909075_643449226_o

 

Дастурга биноан консерт икки қисмдан ташкил топган бўлиб, биринчи қисмда миллий анъаналаримиз, миллий санъат турлари, ва миллий қўшиқ ва рақслар намойиш этилди. Иккинчи қисмда эса меҳмонлар талабларига биноан турли шўх қўшиқлар садосида барча рақсга тушишди. Айнан биринчи маданий қисмнинг асосий бўлагини ташкил этган намойиш – бу Замира Салим раҳбарликларида ташкил этилган “Ўзбекистон Гуллари” ансамблининг ўзбекча, хоразмча, бухороча, ва турли хил замонавий ўзбек қўшиқларидаги бетакрор рақслари бўлди. Латофатли ва гўзал маҳорат устаси Замира Салим тинимсиз меҳнатлари, ўзбек санъатини бутун дунёга танитиш йўлидаги улкан машаққатлари эвазига байрам кечасида ташриф буюрган меҳмонлардан бир олам раҳматлар-у миннатдорчиликлар қабул қилдилар. Замира Салимнинг айтишларича “Миллийлик ҳар доим инсон қалбида бўлиши керак, уни қай бир ҳудудга бормайлик ҳамиша бирга олиб юриш, унинг ҳар бир қиррасидан завқланиб яшаш керак.”

1269728_10200683427190882_1428372570_oКонсертда Илхомжон Кенжабоев продюссерлигида тузилган “Ўзбегим” триоси барча учун, меҳмонлар тили билан айтганда “эксклюзив” янгилик бўлди. Гуруҳ аъзолари Малика Ҳакимжон, Жаҳонгир Мирзо, ҳамда Анвар Бекматовлар бўлиб, улар ўзларининг бетакрор овозлари билан эстрада ҳамда классик йўналишида моҳирона куйлаб беришди. Қолаверса Сиддиқ Санаэв, Каромат Отажонованинг дилхуш ва айнан рақсбоп қўшиқлари барчани мамнун этди. Илхомжон Аканинг айтишича меҳмонлардан бири кўзида ёш билан уларга мурожаат этиб, миллий санъатни қанчалар севишини, қанчалик согъинганини, ушбу консертда ўзларини гўё ўз ватанларида ҳис этганларини, дастурлардан жуда қувонганларини айтиб миннатдорчиликлар билдирди.

Байрам сўнгида эса консертнинг деярли барча ташкилотчилари муносиб рағбатлантирилиб, уларга Uzbek TV New York томонидан миннатдорчилик сертификатлари топширилди. Жумладан “Ўзбекистон Гуллари” ансамблининг етакчи ва фаол аъзолари Садоқат, Малика, Зулфия, Парвина, Нигина, Наргиза, Малика Салим, Аспарух, ва бошқа бир қатор ёшлар раҳматномалар билан тақдирланди.

Хуллас, байрам консерти барчанинг қалбида унутилмас бир воқелик бўлиб қолди десак муболаға қилмаган бўламиз. Уларнинг кўзларидаги қувонч ташкилотчиларни янада гўзал дастурлар тайёрлашларига улкан мадад бўлиб хизмат қилди. Барчамизга яна бир бор байрам муборак бўлсин, ҳамда байрам сухандони Дилшод Зокиров айтганларидек “Мустақиллигимиз Абадий Бўлсин”!

 

 

SHARE