“Хитой раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи 10 йиллик ҳамкорлик тақдирини ҳал қилади”

    Chjan Syao_Ambassador Of China

    Жорий йил 8 сентябрь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Чжан Сяо 3 сентябрь куни Тошкентда ўтган брифингда маълум қилди. Хитой элчиси мазкур воқеани “тарихий ташриф” деб атади.

    2013 йилнинг 14 мартида ХХР раиси сифатида иш бошлаган Си Цзинпин келгуси 10 йил давомида давлатни идора этиши кутилмоқда.

    Хитойнинг Тошкентдаги элчисига кўра, Си Цзинпин мамлакат раҳбари сифатидаги фаолиятининг биринчи ярмида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келаётгани ҳамкорликка катта эътибор бераётганига далолатдир. Айни пайтда, мазкур ташриф Хитойнинг Ўзбекистон билан муносабатлари келгуси 10 йилда қандай кечиши, ҳамкорликнинг тақдири ва устувор жиҳатларини ҳам белгилаб беради.

    Маълум қилинишича, расмий ташриф давомида Си Цзинпин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан тор ва кенг доирада музокара олиб боради. Музокаралар якунида сиёсий, иқтисодий соҳаларга доир бир қатор ҳужжатлар имзоланади.

    Чжан Сяога кўра, Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг Ўзбекистонга сафар дастуридан Самарқанд зиёрати ҳам ўрин олган.

    Хитойлик дипломатнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Тайвань, Тибет ва Шинжон-Уйғур Автоном Республикаси каби масалаларда расмий Пекин позициясини қўллаб-қувватламоқда ва буни Хитой раҳбарияти алоҳида қадрлайди.

    – Ўзбекистон Марказий Осиёда ғоят муҳим ўрин тутади. Минтақавий масалаларни Ўзбекистон иштирокисиз адолатли ва якуний тарзда ҳал этиб бўлмайди, – деди элчи Чжан Сяо.

    Жорий йил 22 август куни Uzmetronom нашри Хитой Молия вазирлигига таяниб, Хитой томонидан Ўзбекистонга киритилаётган сармоя ва қарзлар кескин камайтирилиши ҳақида хабар берганди. Хитой элчиси мазкур хабарни “асоссиз” ва “ҳақиқатдан йироқ” деб атади.

    Қайд этилишича, ХХР ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар барча жабҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада барқарор ривожланмоқда. 2012 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 2 миллиард 875 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг 7 ойида мазкур кўрсаткич 2,54 миллиард долларига тўғри келди. Йил якунида товар айирбошлаш рекорд даража – 3,5 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда.

    Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё бўйлаб сафарини бошлаган ХХР Раиси Си Цзинпин 3 сентябрдан 13 сентябргача Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистонга бориши, G20 саммитида ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти машваратида қатнашиши кутилмоқда.

    Собир САЛИМ