“Miss World”га даъвогар Раҳима Ғаниева Чехов, Достоевский ва Толстой асарларини ўқишни яхши кўради

240713_Uzbekistan_01

Ўзбекистон номидан “Miss World” халқаро гўзаллик танловида қатнашадиган Раҳима Ғаниева Тошкентдаги “Pro Models” моделлар агентлигининг вакиласи экан.

Mezon.uz сайти ходимлари Раҳима Ғаниева масаласига ойдинлик киритиш мақсадида агентликка мурожаат қилганида, ўзига хос сюрпризга дуч келишган: исми ошкор қилинишни истамаган агентлик ходимаси Ўзбекистон бўйича бўлиб ўтган танловда Раҳима Ғаниева ғалаба қозонгани ҳақида эшитмаганини, балки қандайдир Карина деган қиз ютганини айтиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, Раҳима ҳозирги кунда Лондонда бўлиб турибди. Ушбу сафар ҳақида бошқа маълумотлар йўқ. Раҳима Ғаниева ижтимоий тармоқлардаги хатларга жавоб бермаяпти.

Дунё гўзали танлов ташкилотчилари сайтидаги маълумотларга кўра, Раҳима Ғаниева Тошкентдан бўлиб, 18 ёшни қарши олган. Тошкент туризм коллежини тамомлаган. У спорт билан мунтазам шуғулланади, Чехов, Достоевский ва Толстой сингари рус ёзувчилари асарлари мутолаасини яхши кўради.

Россия, Англия, Озарбойжон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Кипр сингари мамлакатларда бўлган. У жорий йил Индонезияда бўлиб ўтадиган “Дунё гўзали” 63-танловида қатнашаётганидан жуда ҳам бахтиёр эканлигини айтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон вакиласи Раҳима Ғаниева “Дунё гўзали” “Miss World” халқаро гўзаллик мусобақасида ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилади.

Мазкур халқаро танлов расмий сайтида айтилишича, Раҳима жорий йилнинг 20 июлида Ўзбекистон босқичида ғолиб бўлган.