Саудия Арабистонида зиёратчилар электрон “кузатиб борилади”

makkah-ramadan

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлар қўмитаси расмий сайти тарқатган хабарда келтирилишича, Саудия Арабистонида муқаддас Ҳаж ва Умра амалларини бажариш учун зиёратчиларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Саудия Арабистони Ҳаж масалалари бўйича вазири Бандар Ҳожар “Умра—2013” мавсуми муваффақиятли якунланганлигини қайд этган. Унинг айтишича, умра амалининг муваффақиятли ўтишида тизимга илғор технологиялар — зиёратчиларни электрон назорат қилиш тизими жорий қилингани муҳим аҳамият касб этди. Ушбу электрон тизим виза бериш, аэропортга келиш ва чиқиб кетиш, Саудия фуқаролик авиацияси бош бошқармаси билан бошқа вазирлик ва идораларнинг ўзаро алоқасини мувофиқлаштириш каби муҳим вазифаларни рўёбга чиқаришда қўл келади.

Саудиялик расмийнинг фикрича, электрон тизимнинг йўқлиги мамлакатда хорижлик меҳнат мигрантларининг кўпайишига сабаб бўлган. Вазир жорий йилда 5,1 миллион киши Умра амалини бажарганини айтган. Аммо 5,3 миллион киши зиёрат учун Саудия визасини олишга муваффақ бўлган.

Зиёрат пайтида тартибни сақлаш мақсадида Саудия ҳукумати Маккага кириш учун 7 та электрон дарвоза ўрнатишни режалаштирмоқда. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа тендерига 31 та компания ҳужжат топширган. Лойиҳага кўра, ҳар бир зиёратчи қўлига “электрон чип” ўрнатилган билагузук тақиб қўйилади. Макка шаҳрига “электрон дарвоза” орқали кираётганда зиёратчининг шахси ва мамлакат қонуний бўлиб тургани текширувдан ўтказилади. Бундай электрон назорат қилиш ускуналари зиёратчиларни манзилига элтиб қўядиган автобусларга ҳам ўрнатилади.

SHARE