Индонезияликлар мамлакатда “Дунё гўзали” танлови ўтказилишига қарши чиқишмоқда

Indonesia-Miss-World-_Inte1-600x400

Жакартада Индонезия мусулмонлар жамоатчилиги мамлакатда «Дунё гўзали» халқаро гўзаллик танлови ўтказилишига қарши намойиш ўтказишмоқда. Хусусан, радикал диний ташкилот аъзолари агар ушбу танлов бекор бўлмаса, оммавий намойишлар ўтказишларини маълум қилган.

Forum Umat ташкилоти раҳбари Муҳаммад ал-Хаттотнинг Euronewsга интервью беришича, “Дунё гўзали” танлови ахлоққа зид тадбир бўлиб, унинг иштирокчилари аёллар танасини намойиш этгани учун пул қилишади. “Бу Буюк Британиядаги бикинилар танловидан бошланган. Бизнинг мамлакатимиз маданияти ва ахлоқ қоидаларига тўғри келмайди”, дейди у, жумладан.

Хусусан, Индонезия дин ишлар вазири Суриадҳарм Али гўзаллик танлови ислом дини қоидаларига зидлигини айтиб ўтади.

Ўз навбатида, ташкилотчилар вакиллари Индонезия дунёвий давлат эканлигини ҳамда дин ишлари бўйича вазир бегоналарнинг ишига аралашмаслиги кераклигини айтишган.

Танловнинг финал босқичи 28 сентябрь куни Бали оролларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон вакиласи Раҳима Ғаниева “Дунё гўзали” “Miss World” халқаро гўзаллик танловида мамлакат шарафини ҳимоя қилади. Мазкур халқаро танлов расмий сайтида айтилишича, Раҳима жорий йилнинг 20 июлида Ўзбекистон босқичида ғолиб бўлган.