Euronews Ўзбекистон ҳақида ахборот кампаниясини олиб боради

    euronews-news

    Дунёда ахборот оқимини амалга оширадиган йирик янгиликлар телеканал — Euronews Ўзбекистон ҳақида бир қатор кўрсатувларни намойиш этади.

    Хусусан, «Жаҳон» ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, ҳар соат охирида бутун дунёдаги йирик шаҳарлар қатори Тошкент шаҳридаги об-ҳаво ҳақида ҳам маълумотлар янграмоқда. Агентликка кўра, бу сўнгги икки йилда Ўзбекистон ва телеканал ўртасидаги ҳамкорликнинг самарасидир.

    Чунончи, телеканалда мамлакат иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган Welcome To Uzbekistan (Ўзбекистонга хуш келибсиз!) реклама ролиги намойиш этилган. Target дастурида эса Ўзбекистонда газ қазиб олиш саноати ҳақида кўрсатув берилган.

    Маданиятга доир ахборотларни бериб борадиган Rendez Vous дастурида эса дунёдаги энг катта композиция — ўзбекистонлик Леким Ибрагимовнинг “Минг малак ва ягона сурат”и ҳақида ахборот берилди.

     Euronews тижорат директори Оливье де Моншенюга кўра, телеканал Ўзбекистон билан истиқболда ахборот ҳамкорлигини янада кучайтирмоқчи.

    “Яқин вақт ичида Life дастури учун кўрсатувларни тайёрлаш режалаштирилмоқда. Уларда Ўзбекистон тарихий-маданий мероси, туризм салоҳияти ҳақида кенг маълумот берилади. Ушбу кўрсатувлар Ўзбекистон ҳақидаги ахборот кампаниясининг бир қисмига айланади. Шу билан бирга, мамлакат иқтисодий-ижтимоий ҳаётини ёритишга оид яна бир қатор лойиҳалар дастлабки тарзда кўриб чиқилмоқда”, дейди у, жумладан.

    Euronews дунёнинг 155 мамлакатида намойиш этилади. У ўз дастурларини кабель ва сунъий йўлдош орқали ҳам тарқатади. У дунёнинг қатор тилларида 24 соат ахборот тарқатади.

    SHARE