Мансур Жумаев: “Бруклинда ДЗЮДО бўйича спорт клуби очмоқчиман”

 “Спортда миллат бўлмайди, унда ҳамма ака-ука, опа-сингилдир”

       Дарҳақиқат, куч – бирликда бўлгани каби, спортда ҳам натижа ҳамжиҳатликдан, ўзаро иноқликдан вужудга келади. Ҳар бир муваффақиятга элтувчи йўлнинг ўзига хос қийинчиликлари бўлганидек, спорт ҳам улкан меҳнат, сабр-тоқат, ташаббус ва талабчанлик талаб этади. Айнан ушбу омиллардан бири эса кишининг, спортчининг ўз мақсади йўлидан чекинишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Аммо, юқорида эслаб ўтилганидек, ҳар бир спортчи касбдошидан ўрнак олади, унинг ютуқларидан эса куч, ғайрат олади. Дзюдо бўйича жаҳон чемпиони, юртдошимиз Мансур Жумаeв ҳам ўз ватандошларига, тенгдошлари-ю шогирдларига ўрнак бўлаётган фидоий спортчиларимиздандир.

       Мансур Жумаeв асли Бухоролик бўлиб, у 1975-йилнинг май ойида туғилган. 12 ёшида спортга қизиқиши баландлигини сезган ҳамда отасидан Самбо курашига қатнаш учун рухсат сўраганида, отаси: “Ўғлим, ушбу бошлаётган ишингни охиригача олиб бораман, олдимда бир мақсад қўйиб унга албатта эришаман деб ваъда берсанггина рухсат бераман. Ярим йўлга етганингда бирор бир сабаб билан ортга чекинадиган бўлсанг, яхшиси бормай қўя қолгин” дейди. Бунга жавобан эса бўлажак чемпион шундай дейди: “Отажон, мен буларнинг ҳаммасини ўйлаб қўйганман, спортга қизиқишим жиддий, мақсадимга албатта эришишим керак.”

Отасининг рухсати билан биргаликда унинг дуосини олган спортчи бутун куч қудрати, ғайратини спортга бағишлайди. “Жуда кўп машқ қилардим, вақтимнинг деярли ҳамма қисми машғулотлар билан ўтарди. Мураббийимиз 10та тош кўтар деса, мен 20тадан кўтарардим. Балким шунинг учундир, ёшлигимдан нафақат тенгдошларимни, балки ўзимдан ёши катта бўлган рақибларимни ҳам курашда ютардим” дейди у.

Кейинчалик ўз келажагини спортнинг “Дзюдо” йўналишида кўрган Жумаeв айнан ушбу йўналишнинг моҳирлари, чемпионлари қўл остида тарбия кўради, улар билан ҳамнафас курашади. 3 йилдан ортиқ вақт давомида у чемпион Камол Муродов, ва Ўзбекистонга биринчи бўлиб халқаро медаллар олиб кирган спортчилардан Фарҳод Тураeв ҳамда Рустам Тураeвлар билан фаолият юритади. 13 ёшидан бошлаб Ўзбекистон Спорт Захиралари Спорт Мактабида таҳсил олади.

Ўқиш йилларида тинимсиз ҳаракатлари натижасида, ёш бўлишига қарамай Мансур Жумаeв жуда тез халқ орасида танилади ва халқаро мусобақаларда қатнашиб фахрли ўринларни эггалайди. Ютуқларини ҳисобга олиб “Спорт мастери” номини бермоқчи бўлган маълум бир спорт муассасалари спортчининг ёши кичкиналиги сабаб рад жавоби олишади.

Энди спортнинг мутахассислик даражасини кўзлаган спортчи, ўз мақсади поғоналаридан 20130904_132308бири бўлган қадам – армия хизматига йўл олади. Оз муддатда ўз иқтидорини намойиш эта олишга улгуриб, “Спорт Рота” сига ўтказилади. Кейинчалик эса Армиялар ўртасида ўтказилган Жаҳон Чемпионатига қатнашишга муваффақ бўлади. Мансур Жумаeв дзюдо бўйича 10 карра Ўзбекистон Республикаси Чемпиони, ҳамда 2 карра Осиё Чемпиони (Япония ва Хитойда ўтказилган) бўлишга эришган. 1997-ва 1999-йилларда Жаҳон Чемпионатига чиққан.

1999-йил Африка Ўйинларида ҳамда Туркиядаги Мусобақада фахрли 1-чи ўринни эгаллаган. Ушбу йилнинг ўзида Англияда ўтказилган Жаҳон Чемпионатида ҳам қатнашиб муносиб тақдирланган. 1999-йилда Бакуда ўтказилган халқаро мусобақада эса Гранд При соҳибига айланган. 2000-йилда эса Австралияда бўлиб ўтган Халқаро Олимпия Ўйинларида муваффақиятли қатнашган.

20130904_132200

Ҳозирда АҚШнинг Нъю Йорк штатида истиқомат қилаётган спортчининг ҳали ҳанўз ўз олдида қўйган мақсадлари улкан. 2001-йилнинг Март ойида Ҳилларий Kлинтон иштирокида Нъю Йорк очиқ чемпионати курашида қатнашиб ғалаба қозонган спортчи ушбу йилдан бери шу ерда фаолият юритади. 2001-йил Нъю Йорк шаҳарлари ўртасида ўтказилган мусобақада (81кг) 1-ўринни, ҳамда АҚШ очиқ курашида 3-ўринни эгаллаган. 2002-йилда эса ва ниёҳат Америка Чемионатини қўлга киритган.

Янги ҳудудга мослашиш мақсадида биринчи навбатда тил ўрганиш курсларига қатнаган, ва ундан кейин эса коллежда таҳсил олишни бошлаган. Мослашиш жараёнлари, оила, фарзанд, ва машғулот давомида олган жиддий жароҳат сабабли спортдаги фаолиятига бироз тўхтатиш киритган Мансур Жумаeв ўзининг шахсий юк машинаси билан тадбиркорлик соҳасида ўзини синаган, ва муваффақиятга эришган. “Ҳозирда собиқ шогирдларимдан, уларнинг ота-оналаридан, қолаверса америкалик ва рус ота-оналаридан дзюдо бўйича спорт клуби очишимга жуда кўп таклифлар етиб келяпти.” дейди Жумаeв.

Талаблар қаердан келиб чиқади деган савол билан мурожаат этганимизда Мансур Жумаeв шундай жавоб берди: “Мен машғулотлар давомида спорт билангина чекланиб қолмайман, ўзбек болаларини ўзбекона тарбиялайман, ватанпарварлик, ота-онага ҳурмат, ўз ишларида, мактаб вазифаларида жавобгарлик каби масъулиятларда ҳам сабоқ бериб бораман. Айниқса болаларни ўз фарзандларимдек кўраман, шундай пайтлар бўлганки ўзим ҳам болалардек уларни орасига кириб, ёшларига мос ҳаракатлар қилиб улар билан курашга тушганман. Буни собиқ шогирдларим жуда яхши билишади. Балким шунинг учун ҳамдир ҳозирда талаблар кучайиб бормоқда. Спорт kлубимда нафақат ўзбек болалари, балки бошқа барча миллат вакилларини ҳам ўз тарбиям остига олишни мўлжаллаганман, чунки спортда миллат бўлмайди, унда ҳамма ака-ука, опа-сингил бўлиб фаолият юритади. Бу эса ғалабанинг энг асосий омилларидан бири саналади. Менинг мақсадим ҳам шу, ҳамжиҳатлик билан ғалабага эришиш, ватанимиз номини бутун дунё халқларига кўрсатишдир”

SHARE