“Ўзбекистон демократия институтлари ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиши ва ундан фойдаланиши муҳим»

    Ислом Каримов, Жеймс Моран, Эни Фалеомаваега (ЎзА)
    Ислом Каримов, Жеймс Моран, Эни Фалеомаваега (ЎзА)

    Самарқандда парламентаризмни ривожлантиришда Ўзбекистон ва АҚШ тажрибасига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

    Унда АҚШ Конгресси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID), Миллий демократия институти (NDI) вакиллари, шунингдек, олимлар, таълим ва тадқиқот муассасалари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг мутахассислари иштирок этди.

    Конференция қатнашчилари Ўзбекистон ва АҚШда парламентаризмни ривожлантириш, хусусан, ижро ҳокимияти органларининг қонун ҳужжатларини бажариши устидан парламент назоратини ташкил қилиш ва амалга ошириш, парламентнинг фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, икки томонлама ўзаро манфаатли парламентлараро алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этди.

    Америка конгрессменлари ва экспертларининг фикрича, мустақил ривожланиш бўйича қисқа вақт ичида Ўзбекистонда тўпланган самарали парламентаризмнинг бой тажрибаси демократик жараёнларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, бутун давлат механизмларининг тизимли ишлашини таъминлашга хизмат қилаётир. Ўзбекистонда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари кўплаб давлатлар учун намуна бўлиши мумкин.

    “Биз мамлакатингизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлардан яхши хабардормиз, – деди АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг аъзоси Эни Фалеомаваега. – Ўзбекистон раҳбарияти ва халқи томонидан мамлакатни ривожлантириш шартлари ва вазифаларига мос демократик тизимнинг танлангани энг тўғри йўлдир. Президент Ислом Каримовнинг ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга доир ташаббуси ҳар томонлама эътиборга лойиқ. Бундай тизим АҚШда ҳам мавжуд. Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун жаҳонда муҳим ўрин тутадиган мамлакатдир. Шу боис халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг позицияси ва мамлакатингизда, хусусан парламентаризмни ривожлантириш соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлардан кенг хабардор бўлиши керак”.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенаторлари ва депутатлари, АҚШ конгрессменлари ўз чиқишларида ҳар икки давлат парламентлари ўртасида ўзаро амалий ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидладилар. Парламентлараро муносабатларнинг мустаҳкамланиб бораётгани парламент фаолияти бўйича тажриба алмашиш учун яхши имконият яратмоқда.

    “Ўзбекистонда барча жабҳаларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари мамлакатингиздаги тинчлик-фаровонликдан далолатдир, – деди АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Жеймс Моран. – Мамлакатларимиз парламентларининг иш тажрибасини ўрганиш ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлади, деб ўйлайман. Жумладан, Конгрессда биз фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликка катта эътибор берамиз”.

    Конференция қатнашчилари муҳокама чоғида ҳар икки мамлакатда парламентнинг ролини ошириш давлат қурилишининг муҳим устувор йўналишларидан эканини таъкидлади. Аҳоли сиёсий фаоллигининг ўсиб бораётгани эса ижтимоий ривожланишнинг муҳим омилларидандир.

    Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда парламентаризмни янада ривожлантириш жараёнида демократия институтлари ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ундан фойдаланиш муҳимлигини қайд этди.

    Америка конгрессменлари ва мутахассисларнинг парламентаризм, қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назоратини ривожлантиришда АҚШ тажрибаси, АҚШ Конгрессининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экология муаммолари бўйича фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигига бағишланган маърузалари анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Давлат ҳокимиятини демократик янгилаш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини, қонунлар ижросини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан тегишли жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг аҳамиятини кучайтириш масалалари бўйича тажриба алмашди.

    Конференция қатнашчилари икки мамлакат тажрибасидан келиб чиқиб, парламентлараро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олди. Қонун ижодкорлиги ва парламент фаолияти тажрибасини ўзаро ўрганишни кенгайтириш, ўзаро таҳлилий материаллар ва ахборот алмашиш, биргаликда парламент фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган семинар-тренинглар, давра суҳбатларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

    SHARE