Ҳаж зиёрати бекор қилинганлар 2014 йилда сафар қилишлари кафолатланади

IMGA0321

Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати “Ҳаж” ва “Умра” мавсумларида мамлакатга келаётган зиёратчилар Ҳаж ва Умра амалларини мукаммал, ҳеч қандай қийинчиликларсиз адо этишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарларидаги икки харам ҳудудини кенгайтириш ишлари бошлаганлиги ҳамда икки муқаддас шаҳарлар инфратузилмани тубдан ўзгартириш ишлари кенг кўламда давом этаётганлиги сабабли “Ҳаж-2013” мавсумида зиёратчилари сонини қисқартириш бўйича дунёнинг барча давлатларига, хусусан, Ўзбекистон Республикасига ҳам расмий маълумот юборган. Бу Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати хабар тарқатди.

Бугунги кунда Саудия Арабистони ҳукумати талаблари асосида Ҳажга борувчи Ўзбекистон зиёратчилари сонини қисқартириш ишлари амалга оширилмоқда.

“Қисқартириш масалалари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ҳайъатлар томонидан адолат ва инсонийлик тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Республика Жамоатчилик Кенгаши қарорига асосан бу йил юқоридаги сабаблар билан Ҳаж сафарига бора олмаган фуқаролар келгуси “Ҳаж-2014” мавсумида сафарга боришлари кафолатланади.

Таъкидлаш жоизки, жойларда зиёратчилар сонининг қисқартирилиши рўйхатда турган фуқаролар томонидан ҳеч бир эътирозларсиз қабул қилинаётган бўлиб, келажакда зиёратга бориш имконияти бор фуқаролар кўпроқ ёши улуғ инсонларга жой бермоқдалар.

Ушбу ҳолат адолат, ўзаро меҳр-оқибат, қарияларга эҳтиром каби юксак қадриятлар ўзбек халқининг миллий минталитети эканини яна бир карра намоён этмоқда.

SHARE