Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлиги қароқчи веб-сайтларни ёпган

96f4f0439804323b6222bea256b9958b

2011 йил 24 майда Ўзбекистон Республикаси Интеллектул мулк агентлигининг ташкил қилингани интеллектуал мулк объектларига эгалик ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш имконини бераётир, деб хабар беради ЎзА.

Масалан, агентлик ташкил этилганидан буён ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари, электрон дастурлар, селекция ютуқлари, товар келиб чиққан жой номлари борасида 15 мингдан зиёд ариза келиб тушган. Интеллектуал мулк давлат реестрида агентлик томонидан беш мингдан зиёд интеллектуал мулк объекти рўйхатга олинган.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига қарши курашни кучайтириш мақсадида агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда рейдлар, текширувлар ўтказмоқда, тегишли мониторинг ишлари, жумладан, интернетда ҳам амалга оширилмоқда.

Хабарда келтирилишича, мазкур тадбирлар натижасида контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар аниқланди, ноқонуний оптик дисклар сотиладиган жойлар, қароқчилик веб-сайтлари ёпилди. Аммо айнан қайси сайтлар ёпилгани ҳақида хабарда ҳеч нарса дейилмаган.

Шу йилнинг ўтган саккиз ойида 600 дан зиёд ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қиймати 1,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 100 мингдан зиёд контрафакт диск мусодара қилинди.

Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг жамотчиликни хабардор қилиш учун агентлик томонидан “Расмий ахборотнома” бюллетени, йиллик ҳисоботлар, ахборот, услубий ва маълумотнома материаллари, “Интеллект-инфо” илмий-амалий журнали чоп этилаётир. Жойларда тегишли идора ва ташкилотлар ходимлари иштирокида тушунтириш ишлари, семинарлар, давра суҳбатлари, амалий машғулотлар ўтказилмоқда.