Чикагода ватандошлар дала сайлига чиқди

3
Aрқон тортиш ўйинида бу сафар ҳам йигитлар билакларининг кучини намойиш этди.
1
Дастурхонга марҳамат!

Иллиноис штатининг Чикаго шаҳри атрофида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик ватандошлар 31 август куни дала сайлига йиғилди.  Чикаго Ўзбек-Америка Ассоциацияси томонидан мустақиллик байрамига бағишлаб ташкил этилган ушбу тадбирда 100 га яқин одам йиғилди.

Йиғинда ёшу-қари жамул-жам бўлиб,  ўзбекона дастурхон атрофида дилдан суҳбат қуриш имконига эга бўлди.  Миллий тансиқ таомлар тортилиб,  болалар ва катталар учун турли ўйинлар ташкил этилди.

Эрталаб ҳаво айниб,  ёмғир ёғишига қарамай,  сайлга,  кутилганидек,  кўпчилик ташриф буюрди.  Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган арқон тортиш ўйинида бу сафар ҳам йигитлар билакларининг кучини намойиш этди.  Болалар ҳам паркдаги ўйингоҳларда ўз тенгдошлари билан мириқиб ўйнаш имкониятига эга бўлди.

Чикаго Ўзбек-Америка Ассоциацияси президенти Олимжон Шарипов қатнашганларга ўз миннатдорлигини изҳор этиб,  ватандошларимизни ана шундай тадбирларда фаол иштирок этишга чақирди.  Жамият етакчиларидан Сирожиддин Насафий ҳам сўзга чиқиб,  ватаннинг,  тилнинг қадрига етиш,  миллий урф-одатларни,  ўзбек тилини асраб-авайлаш лозимлиги ҳақида куюниб гапирди.

Хорижда туғилиб вояга етаётган ўзбек фарзандларининг ўз она тилини эсдан чиқармасликлари лозимлигига алоҳида урғу берилди.

Шу муносабат билан жамиятимиз қошида дам олиш кунлари ўзбек тили дарсларини ташкил этмоқчимиз,  деди жамият раҳбари Олимжон Шарипов.  Унинг айтишича,  сайлга ташриф буюрган оилалар орасида бу ташаббусга қизиқиш билдираётганлар кўп.  Ватанимизга боғлиқлигимизни,  миллий урф-одатларимизни унутмаслигимиз учун она тилимизни яхши билишимиз жуда муҳим аҳамиятга эга,  дейди Олимжон ака.

Чикаго Ўзбек-Америка Ассоциацияси нодавлат-нотижорат ташкилоти бўлиб,  АҚШдаги ўзбекистонликлар орасида миллий урф-одатларни асраб авайлаш,  тарғиб этиш ва ватандошларни бир жойга жамлаш мақсадида ташкил этилган.  Жамият ҳақида унинг сайтидан тўлиқ маълумот олишингиз мумкин:  http://www.uzbekchicago.org/

2
Чикаго Ўзбек-Америка Ассоциациясининг бир гуруҳ аъзолари
SHARE