Сурия инқирози туфайли иммиграция ислоҳотлари номаълум муддатга қолдирилиши мумкин

SWEDEN-US-SYRIA-RUSSIA-CONFLICT-G20-OBAMA

Америка Конгресси иммиграция тизимини ислоҳ қилиш бўйича режалаштирилган музокараларни номаълум муддатга қолдириши мумкин. Бунга сабаб Сурия масаласи Конгресс кун тартибига чиққанидир.

The New York Times газетасининг ёзишича, парламентарийлар шу кунларда Сурия билан боғлиқ масалага шўнғиб кетишгани боис иммиграция ислоҳотлари номаълум муддатга қолдирилиши мумкин.

Сурияга нисбатан амалга ошириладиган ҳарбий ҳужум, у билан боғлиқ ҳарбий харажатлар, қолаверса, Конгресс ва Оқ уй ўртасида мамлакат бюджети бўйича эришилган муддатнинг тобора яқинлашиб қолаётгани иммиграция ислоҳотларининг янада орқароққа сурилишига олиб келади.

Маълумки, август ойида конгрессменлар меҳнат таътилида бўлди. Аммо қонун ташаббускорлари Оқ уйга мунтазам мурожаат қилиб, шаҳарлар мэрлари билан учрашишди, турли намойишлар ўтказишди. Бу билан улар конгрессменларга ушбу муаммони ёддан чиқармасликка интилишди. Аммо Сурия масаласининг кун тартибига чиқиши иммиграция ислоҳотлари аҳамиятини тушириб юборди. АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида республикачилар партияси вакиллари иммиграция ислоҳотларини ислоҳ қилишни босқичма-босқич кўриб чиқишга ҳаракат қилишаётганини қайд этишган, аммо Сенат ва президент маъмурияти ўртасида бу борада музокара бошлашга ҳали вақтли эканлигини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида АҚШ Сенати  мамлакатдаги жуда кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлган иммиграция ислоҳотлари ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ушбу қонун лойиҳаси 11 миллион нафар ноқонуний иммигрантга амнистия эълон қилиб, уларнинг Америка фуқаролигини олишига замин яратади.

Ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаб 68 нафар сенатор овоз берган бўлса, 32 нафари қарши чиққан.

Қонун лойиҳасида Мексика билан чегарани мустаҳкамлаш учун 46 миллиард доллар ажратиш ҳамда виза бериш тизимини модернизация қилишга оид нормалар ҳам қонун лойиҳасидан ўрин олди.

Партиялардан холи комиссиянинг ушбу масалада тайёрлаган махсус маърузасига кўра, иммиграция ислоҳотлари тўғрисидаги қонун лойиҳасининг амалга жорий этилиши мамлакат бюджети тақчиллигини 10 йил давомида 175 миллиард долларга қисқартириш имкониятини беради.

Шуни айтиш керакки, янги қонун лойиҳасига кўра, ноқонуний иммигрантлар 500 доллар эвазига вақтинчалик рўйхатдан ўтган иммигрант мақомини олади, у олти йил давомида амал қилади. Эътиборли жиҳати, уни узайтириш ҳам мумкин. Мазкур қонун лойиҳаси АҚШга 2011 йил 31 декабрга қадар кириб келган ҳамда ўшандан бери мамлакатда бўлган ҳамда оғир жиноят содир этмаган ноқонуний иммигрантларга татбиқ этилади.

SHARE