Одил Аҳмедов: “Биз эртага дуранг учун эмас, мухлисларни ҳурсанд қилиш учун фақат ғалабани ўйлаб майдонга тушамиз”

futbolfutbol420_07092012

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати тарқатган хабарда келтирилишича, ЖЧ-2014 саралаш плей-офф жавоб ўйинида Ўзбекистон миллий терма жамоаси оқ, Иордания миллий терма жамоаси эса қизил рангли либосларда ҳаракат қилади.

Ўзбекистон ҳамда Иордания миллий терма жамоалари иштирокидаги ЖЧ-2014 саралаш плей-офф жавоб учрашуви 10 сентябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 19:00да бошланади.

Учрашувдан олдинги матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов эртанги ўйинда жамоа 0:0 ҳисоби учун ўйнамаслигини таъкидлади.

The-uff.com
The-uff.com

«Бизни 0:0 ҳисоби қониқтиради. Аммо, эртага шогирдларим фақат ғалаба учун майдонга тушади. Футболчилар эртанги ўйинга тайёр. Эртага фақат ғалаба учун майдонга тушамиз ва албатта, мухлисларимизни ҳурсанд қиламиз», – дейди Миржалол Қосимов.

«Биз ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан ўйин назоратини қўлга олишимиз ва рақиб дарвозасини нишонга олиш учун ҳаракат қилишимиз керак», – дея қўшимча қилди Қосимов. «Иорданиядаги учрашувда яхши ҳаракат қилдик. Футболчиларда ҳам, дарвозабонимизда ҳам муаммо кўрмаяпман. Ўйин давомида стандартлардан унумли фойдаланишни машқ қилаяпмиз. Дастлабки ўйинда улардан унумли фойдалана олмадик. Эратанги ўйинларда стандартларни гол айлантиришга ҳаракат қиламиз».

«Мурод Зуҳуровнинг ўйинидан кўнглим тўлди. Агар ҳеч нарса ўзгармаса, эртага ҳам айнан Зуҳуров дарвозани қўриқлайди. Қолаверса, дастлабки ўйинда ҳужумчиларга етарлича тўп оширишлар бўлмагани сабабли, уларда имкониятлар деярли бўлмади. Бунинг учун тўп билан кўпроқ муомала қилиш керак. Эртага, дастлабки дақиқалардан тўпни назоратимизга олишга ҳаракат қиламиз. Шунда, ҳужум чизиғида ҳаракат қилаётган ўйинчиларда имконият бўлади. Умуман, ўйин давомида ҳужумчилар ҳам ҳимояга ёрдамга келиб туришса, ёмон бўлмасди», – дейди Қосимов.

Миллий терма жамоа ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов, эртага жамоа фақат ғалаба учун майдонга тушишини алоҳида қайд этди.

«Биз эртага дуранг учун эмас, мухлисларни ҳурсанд қилиш учун фақат ғалабани ўйлаб майдонга тушамиз. Эртага бизни ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба қониқтиради. Мақсадимиз, эртага фақат ғалаба қозониш», – дейди Аҳмедов.

Иордания миллий терма жамоаси бош мураббийи Ҳуссам Ҳассан плей-оффнинг кейинги босқичига чиқиш учун ҳамон унинг жамоасида имконият йўқотилмаганини таъкидлади.

The-uff.com
The-uff.com

 «Рақиблар бир-бирини ўрганишга улгуришган. Биз жуда кучли шаклланган жамоага қарши майдонга тушамиз. Агар биз Аммандаги ўйиннинг иккинчи бўлимида кўрсатган ўйинимизни кўрсата олсак, ўйлайманки, ғалаба биз томонда бўлади», – дейди Ҳассан.

«Ўзбекистон ЖЧ финал босқичига тўғридан тўғри чиқиши мумкин эди. Аммо, қулай имкониятни қўлдан бой берди. Дастлабки учрашувда биз Ўзбекистон дарвозасига гол урдик. Жавоб ўйинида эса, табийки, илк голни уриб олиш учун дастлабки дақиқалардан ҳужумга отланишади», – дея қўшимча қилди Иорданияликлар бош мураббийи.

«Лекин ўйин 90 дақиқа давом этади. Биз охиригача курашамиз. Ўз дарвозамиздан биринчи бўлиб гол ўтказиб юборсак ҳам, гол уриш учун бизда етарлича имкониятлар бўлади деб ўйлайман».

SHARE