Ўзбекистонда қонунлар нега бошқа қонунга ҳавола қилади?

    37791

    2012 йил давомида адлия органлари томонидан қонунчиликка зид бўлган 23 та идоравий ҳужжат аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бўлим бошлиғи Жаҳонгир Сотиболдиев “Адолат” газетасида ёзади.

    “Уларнинг ҳар бири фуқаронинг манфаатлари қонуний асосларсиз чегараланиши мумкинлигини, бунда мансабдор шахс қонунга зид бўлган идоравий ҳужжатга асосланган ҳолда ўз ҳаракатларини ҳаққоний, деб ҳисоблашини англатади”, деб ёзади муаллиф.

    Адлия вазирлиги вакилининг амалиётга таяниб айтишича, ноқонуний идоравий норма ижодкорлиги ўзига хос сабабларга эга. Уларнинг энг асосийлари ижтимоий муносабатларни тартибга солишда бўшлиқларнинг мавжудлиги, қонунчиликда «оқ доғ»ларнинг юзага келганлиги ҳисобланади.

    Бундай «оқ доғ»ларни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли иш сифатида жорий йилда қонунларнинг хатловдан ўтказилганлигини айтиш мумкин. Хатлов давомида қонунларда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган нормалар мавжудлиги ўрганилди. Айтиш зарурки, бундай нормалар «белгиланган тартибда», «қонунчиликка мувофиқ» каби бирикмаларга эга бўлиб, баъзи ҳолатларда ҳуқуқий базада уларни амалга оширишни назарда тутувчи тартиб-таомиллар акс эттирилмасдан қолиб кетади.

    Мисол учун, «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби қонунчилик билан белгиланиши кўрсатилган.

    Шунга қарамасдан, у ёки бу сабабларга кўра мазкур масала тартибга солинмасдан қолган. Шунга ўхшаш «якунига етмаган» ҳуқуқий тартибга солиш одатда қонунчилик талабларининг амалга ошмай қолиб кетишига сабаб бўлади. Баъзида эса бу каби камчиликлар ноқонуний идоравий ҳужжатларнинг қабул қилинишига сабаб бўлади.

    Шундан келиб чиққан ҳолда, ўтказилган ўрганиш якунларига кўра, 60 та қонунда жами 136 та амалга ошириш тартиблари белгиланмаган ҳаволаки нормалар аниқланди. Ишлаб чиқилган таклифлар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун юборилди ва маъқулланди. Шундай қилиб, 2013 йил 15 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Бунда масъул вазирлик ва идораларга қонунчиликда мавжуд бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган 105 та ҳужжатни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берилди.

    Умуман олганда, 2012 йилда камчилик ва қонунбузилишларнинг содир этилишига имкон яратаётган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида 82 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

    Муаллиф уларнинг бир қатори ҳозирги вақтда ишлаб чиқиш ёки келишиш жараёнида турганини ёзади. Юқорида кўрсатилган мисолдаги ҳужжатларнинг яна 10 дан ортиғини эса амалга оширишга эришилди.