Хитой ва Ўзбекистон умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди

    UzA/Сарвар Ўрмонов
    UzA/Сарвар Ўрмонов

    Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин меҳмон бўлиб турибди.

    Хитой Халқ Республикаси Раисининг ушбу ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

    Бундан ташқари, ушбу ташриф давомида Хитойнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш орқали мазкур парк ҳудудида юқори технологияларга асосланган қўшма корхоналарни очиш бўйича 14 келишувга эришилди.

    Бир қатор Хитой компаниялари мамлакатдаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) нафақат истиқболли углеводород конларини қидириш ва ишга тушириш, балки Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишда ҳам қатнашмоқда.

    Молиявий соҳадаги ҳамкорлик, хусусан, Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки билан алоқалар фаол ривожланмоқда. Хитой молия институтларининг жами кредитлари ҳажми 4,5 миллиард доллардан ошади. Улар мамлакатимизнинг соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва телекоммуникация соҳаларига йўналтирилган.

    Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 2011, 2012 йилларда Пекинга ташрифлари доирасида эришилган келишувларга мувофиқ, ХХРнинг имтиёзли кредитлари асосида мамлакатимиз кимё саноати, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қарийб 400,6 миллион доллар миқдоридаги 7 лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

    Хитой раҳбарининг мазкур ташрифи чоғида Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан Хитой Давлат тараққиёт банки ўртасида 11,6 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш бўйича битим имзоланди.