Сурия урушини кечиктирган (тўхтатган) ташаббус: дунё қандай қабул қилди?

obama  syria

Маълумки, душанба куни Россия Федерацияси Сурия инқирози юзасидан янги таклифни илгари сурди. Унга кўра, Сурия ўз кимёвий қуролини халқаро ҳамжамият қўлига топширмоғи ҳамда у истиқболда йўқ қилиниши керак бўлади. Шу билан бирга, Сурия Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро конвенцияга ва тегишли ташкилотга аъзо бўлиб киради. Маълум бўлишича, ушбу масала Владимир Путин ва АҚШ президенти Барак Обама ўртасида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган G20 саммитида муҳокама қилинган.

Бу Сурияда дунё аҳолиси кенг муҳокама қилаётган халқаро урушнинг олдини олишда айни муддао бўлиши мумкин. Хўш, халқаро ҳамжамият Россиянинг мазкур ташаббусини қандай қабул қилди?

Сурия ҳукумати

Сурия ташқи ишлар вазири Валид Муаллимга кўра, Россиянинг кимёвий қурол бўйича ташаббуси Сурияга қарши агрессив сиёсат олиб бораётган давлатларни ноқулай аҳволга солиб қўйди. Сурия Россиянинг кимёвий қуролларни халқаро назоратга топшириш ҳақдаги таклифини олқишлаб кутиб олди. “Мен Сергей Лавровнинг бу борадаги баёнотини диққат билан эшитдим, шу муносабат билан маълум қиламанки, Сурия ҳукумати фуқароларимизнинг ҳаёти ва мамлакат хавфсизлигига ғамхўрлиги нуқтаи назаридан Россия ташаббусини яхши қабул қилди”, деди ташқи ишлар вазири. У, шунингдек, Россия раҳбариятининг “Американинг халқимизга қарши агрессиясига барҳам бериш борасида”ги оқилона сиёсатини қадрлашини айтиб ўтган. Мамлакат бош вазири Воил ал-Халқий эса Россия ташаббусини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

 SyrianOpposition_1

Сурия мухолифати

Agency France-Press ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, Сурия мухолифати эса кимёвий қурол устидан халқаро назорат бўйича Россия таклифини инкор қилди. Бу ҳақда мухолифат расмий баёнотида маълум қилинган. Мухолифат вакиллари Ғарб мамлакатларидан “Ассад режими”га қарши “жавоб” беришни талаб қилмоқда.

АҚШ

Америка президенти Барак Обама душанба куни мамлакатдаги етакчи телеканалларга берган интервьюсида Сурия кимёвий қуролларини халқаро назоратга топшириш бўйича Россия ташаббусини “кутилмаган” воқеа бўлганини қайд этди. У Россиянинг янги ташаббуси ҳақида батафсил маълумотга эга эмаслигини айтиб, агар у мақбул бўлса, Сурия ҳарбий объектларига ҳаводан зарба бериш вақтинчалик тўхтатилишини айтиб ўтди.

Франция

Расмий Париж Москванинг мазкур ташаббусини “жиддий қизиқиш ва эҳтиёткорлик” билан қабул қилган. Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиусга кўра, Франция ушбу масалада АҚШ ҳамда Россия ўртасидаги музокараларга қўшилишга тайёргарлигини айтиб ўтди.  “Қизиқиш билан кутиб олдик, чунки бундай очиқ таклиф биринчи марта бўлди. Эҳтиёткорлик билан қабул қилдик, чунки Россия тарафидан жуда кўп кескин ўзгаришлар юз бермоқда”, дейди Франция ташқи ишлар вазирлиги расмийси. Шунга қарамасдан, Франция қуролли кучлари Сурия ҳудудига ҳаводан зарба беришга тайёр турибди.

Буюк Британия

Буюк Британия расмийлари фикрича, Сурия кимёвий қуролларини халқаро назорат учун топшириш мамлакатда зўравонлик тарқалишининг олдини олади. Шундай баёнот билан мамлакат ҳукумати раҳбари Дэвид Кэмерон чиқди. “Агар Сурия армиясининг кимёвий қуроллари халқаро назорат учун бериладиган бўлса, бу шак-шубҳасиз, катта қадам бўлар эди”, деди у. Айни пайтда бундай саъй-ҳаракатлар чалғитадиган ҳаракатлар бўлмаслиги керак. Буюк Британия бош вазири Лондон расмий Дамашққа босим ўтказишда давом этишини маълум қилди.

Араб давлатлари лигаси

Араб давлатлари лигаси бош котиби Набил ал-Арабий Россиянинг Сурия кимёвий қуролини халқаро назоратга топшириш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. У бу ҳақда “Sky News Arabia” телеканалига маълум қилган.

Ливия

Ливия ташқи ишлар вазири Муҳаммад Абдулазиз Россиянинг мазкур ташаббуси “ҳозирча Араб давлатлари лигаси доирасида муҳокама қилинмади. Аммо ушбу ташаббус анча яхши бўлиб, эътиборга арзийди”, деди.

Эрон

Эрон “Россиянинг мазкур ташаббусини ижобий қабул қилди”, деди Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Марзий Афҳам. “Эрон Россиянинг ташаббусини қўллаб-қувватлайди”, деди у, жумладан. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон “минтақада оммавий қирғин қуроллари бўлишига қарши” бўлиб, бу саъй-ҳаракатлар Сурияда кураш олиб бораётган мухолифатнинг “қуролли тўдалари”га нисбатан ҳам қўлланилиши керак.

FDP-Bundesparteitag

Германия

Россиянинг Сурия кимёвий қуроли арсеналини халқаро назорат учун топшириш ташаббуси ушбу инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Германия канцлери Ангела Меркель ана шундай фикрда. Меркелнинг фикрича, ушбу ташаббус “қизиқарли таклиф” бўлиб, аммо “бу сўзлар амалда бажариладими?” — шуниси муҳим. ГФР ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелленинг фикрича, Германия мазкур кимёвий қуролни йўқ қилиш жараёнида қатнашиши мумкин.

Хитой

Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда келтирилишича, Хитой Россиянинг Сурия кимёвий қуролини халқаро назорат учун топшириш ташаббусини “олқишлайди ва қўллаб-қувватлайди”. “Суриядаги ва минтақадаги танг вазият шароитида ушбу ташаббуслар ҳамда инқирозни ечишнинг сиёсий ечими халқаро ҳамжамият томонидан ижобий қабул қилиниши керак”, дейилади баёнотда.

Япония

Япония бош вазири Синдзо Абэ Россиянинг таклифини қўллаб-қувватлайди. У бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотида маълум қилган. У, хусусан, Россиянинг Сурия кимёвий қуролларини халқаро назорат учун топшириш ташаббусини ижобий баҳолаб, Путинни бу борада қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Испания

Испания Сурияда ҳарбий аралашувсиз кимёвий қурол ишлатилишига барҳам  берадиган ҳар қандай таклифни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар ҳамда ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Гарсиа-Маргальо маълум қилди. Унинг наздида, Россиянинг таклифи бу борада ўта муҳим ташаббус. “Агар БМТ Хавфсизлик кенгаши ушбу масалада резолюция қабул қиладиган бўлса, Испания қарсаклар билан кутиб олади”, деди қироллик дипломати.

Бельгия

Бельгия Россиянинг Сурия кимёвий қуроли устидан халқаро назорат тизимини ўрнатиш бўйича ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Бельгия ташқи ишлар вазири Дидье Рейндерс маълум қилди. “Мен мазкур ташаббусни олқишлайман, албатта, ушбу ташаббус самарали амалга оширилиши учун тегишли тартибда ҳуқуқий ва тезкор чоралар кўрилиши керак”, деди у.

SHARE