Apple компанияси iPhone 5S ва iPhone 5C’ни омма эътиборига ҳавола этди

iphone-5s-3up

Apple компанияси ўзининг янги маҳсулотларини намойиш этди. Чунончи, 10 сентябрь куни бўлиб ўтган тақдимотда Apple iPhone 5S ва iPhone 5C смартфонларини мижозлар эътиборига ҳавола этди.

Бирмунча арзон iPhone 5C русумидаги телефонлар корпуси беш хил рангда — яшил, сариқ, кўк, пушти ва оқ рангларда бўлади. Шуни қайд этиш керакки, бунгача Apple смартфонлари асосан қора ва оқ рангларда ишлаб чиқариларди. Арзон русумдаги iPhone 5C’нинг корпуси пластикдан тайёрланган.

iPhone 5C ўтган йили муомалага чиқарилган iPhone 5га мувофиқ бўлиб, у Apple A6 процессори, 4 дюмли экран, 8 мегапикселли камерадан иборат, LTE технологиясини қўллаб-қувватлайди.

iPhone 5S эса бирмунча қиммат бўлиб, ойна ва алюминийдан тайёрланган. У оқ, қора ва олтин рангларда бўлади. Смартфоннинг ўзига хос жиҳати шундаки, экран орқали бармоқ излари сканер қилиниши мумкин (Touch ID), 64 қувватли Apple A7 ва секундига 120 та суратни олиш қувватига эга камераси ҳам унинг устувор жиҳатидир.

iPhone 5S батереяси қуввати 3G ишлаб турган шароитда 10 соатга, куй-қўшиқ янграб турганда эса 40 соатга, LTE тармоғида интернет-серфинг ишлатилган пайтда 10 соатга ҳамда кутиш режимида эса 250 соатга етади. Шуниси қизиқки, смартфон билан суратга олинган расмлар ичидан энг сифатлисини сақлаб қолиш мумкин экан.

АҚШда iPhone 5С оператор шартномаси билан 99 (16 гб) доллардан  199 (32 гб) долларгача, iPhone 5S эса оператор шартномаси билан 199 доллардан 399 долларгача баҳоланмоқда. Оператор шартномасиз ушбу модель 649 доллардан 849 долларгача баҳоланмоқда.

Тақдимотда iOS 7 имкониятлари ҳақида ҳам сўз борди. 200 дан ортиқ янги функционалга эга дастур 18 сентябрдан муомалага чиқади.

SHARE