Ислом Каримов: “Глобаллашувни ёқтирмаслик мумкин, аммо ундан воз кечиб бўлмайди”

    SAG_2124-e1378984839971

    Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бишкек саммитида иштирок этиш учун Қирғизистонга келди. Бу ҳақда 24kg.org сайти хабар тарқатди.

    Ислом Каримовни аэропортда Қирғизистон Республикаси Бош вазири Жонторо Сотиболдиев кутиб олди.

    Ислом Каримов Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашди. Бўлиб ўтган мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, минтақавий ва дунёдаги муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар муҳокама қилинди.

    Ислом Каримов ШҲТ жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборидаги масала эканлигини қайд этди. “Мен ШҲТ саммити катта фойда келтиришини, унинг натижалари маҳсулдор бўлишини тилайман. Бу шундай ҳодисаки, дунё ҳамжамияти нигоҳи унга қаратилган. Си Цзиньпин, Владимир Путин, Эрон ва Монголиянинг янги раҳбарлари ташрифи шунчаки эмас”, деди Ўзбекистон раҳбари.

    Ислом Каримов ва Алмазбек Атамбаев минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

    “Глобаллашувни ёқтирмаслик мумкин, аммо ундан воз кечиб бўлмайди”, деди Ислом Каримов Қирғизистон раҳбари билан учрашувда.

    Ўзбекистон раҳбарининг фикрича, дунёда шундай воқеалар юз беряптики, ҳамма жиддий танг ҳолатида турибди. “Мен телевизорни ёқаман ва фақат бир нарсага кўзим тушади: Сурия. Бу дунё жадал ўзгараётганидан далолатдир. Мен бу ерда глобализация жараёнларини назарда тутяпман, глобаллашувни ёқтирмаслик мумкин, аммо ундан воз кечиб бўлмайди”, деди Ислом Каримов.