Путин америкаликларга худони эслатди

путин

Россия президенти Владимир Путин The New York Times газетаси саҳифасида Америка халқи ва сиёсатчиларига мурожаат қилди. “Сурия атрофидаги сўнгги воқеалар мени Америка халқи ва сиёсатчиларига тўғридан-тўғри мурожаат қилишга ундади. Шундай йўл тутиш, айниқса, жамиятларимиз ўртасида самарасиз мулоқот шароитида жуда муҳимдир”, деб бошлайди Путин ўз мақоласини.

Путинга кўра, БМТ асосчилари уруш ва тинчликка дахлдор масалалар юзасидан ҳал қилувчи қарорлар фақатгина консенсус йўли билан қабул қилиниши кераклигини тушунишган. Шунинг учун ҳам АҚШ талаби билан БМТ Низомида Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларининг вето ҳуқуқи кафолатланди.

“Ҳеч ким БМТ халқаро вазиятга таъсир қилиш учун аниқ дастакка эга бўлмаган Миллатлар лигаси тарихи такрорланишини хоҳламайди. Агар йирик мамлакатлар БМТни четлаб Хавфсизлик кенгаши санкциясиз ҳарбий амалиётларни амалга оширадиган бўлса, бундай ҳолат юз бериши мумкин”, деб огоҳлантиради Россия раҳбари.

В. Путин ҳарбий амалиёт “айбсиз қурбонлар сонининг ортиши”ги, “можаронинг кенгайиши”га ҳамда “низо Сурия чегарасидан чиқиб кетиши”га олиб кетишини ёзади. Ўз навбатида, бу Эрон ядровий дастури билан боғлиқ масалаларга, шунингдек, Исроил — Фаластин можаросига ва Яқин Шарқдаги вазиятнинг издан чиқишига олиб келиши мумкин.

Россия президенти гап Сурияда “демократия қадриятлари”ни ўрнатиш ҳақида кетмаётганлигини, балки кўп динли мамлакатда ҳукумат ва мухолифатнинг қуролли тўқнашуви ҳақида кетаётганлигини уқтиради. У, шунингдек, Сурияда турли мамлакатлардан жангарилар кураш олиб бораётганини қайд этиб, истиқболда улар Россияга ҳам, Америкага ҳам таҳдид солишини айтиб ўтган.

“Биз Сурия ҳукуматини эмас, балки халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳимоя қилаяпмиз. Ҳар доим БМТ Хавфсизлик кенгаши имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш кераклигини уқтириб келамиз”, деб ёзади у, жумладан.

Путин фикрича, қонун барибир қонун. Уни ижро этиш кимгадир ёқиши ёки ёқмаслигидан қатъи назар мажбурийдир.

“Амалдаги халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, ҳарбий кучларни фақат ўзини мудофаа қилиш ёки БМТ Хавфсизлик кенгаши қарори билан ишлатиш мумкин. Қолгани босқинчилик сифатида талқин қилинади”, деди Путин.

Путиннинг таъкидлашича, Американинг турли ички низоларга аралашиши одатдаги ишга айланиб бораётгани ташвишланарлидир. Савол туғилади: Бу АҚШнинг узоқ муддатли манфаатларига тўғри келадими? “Шубҳам бор. Зотан, курраи заминнинг миллионлаб кишилари тасаввурида Америка демократия ўчоғи сифатида эмас, “ким биз билан эмас, ўша душман” тамойили асосида иш тутадиган мамлакат сифатида шаклланмоқда”, деди у.

Путин куч тилидан қочиб, низоларни маданий сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилиш йўлига қайтиш кераклигини ёзади.

Путин хулоса ўрнида қайд этадики, унинг АҚШ президенти Барак Обама билан ишончли алоқалари ҳамда шахсий муносабатлари яхшиланиб бормоқда. “Бу мен учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг 10 сентябрдаги миллатга мурожаати билан танишиб чиқдим. Америка президенти ўз нуқтида Америка халқининг “ўзига хос”лигини исботлашга уринган. Барак Обама “АҚШ олиб бораётган сиёсат Американи бошқалардан ажратиб туради”, деб айтди”, деб қайд этди Путин.

Унинг фикрича, дунёда катта, кичик, бой, камбағал, узоқ демократик қадриятларга ёки энди демократик йўлини топаётган давлатлар бор. “Албатта, улар турли сиёсат олиб боради, биз ҳар хилмиз. Аммо биз Худога илтижо қилаётганимизда, шуни унутмаслигимиз керакки, Худо барчани тенг қилиб яратган”, деб якунлайди ўз мақоласини В. Путин.

SHARE